25 Январ 2024 йил 1430

Наманган вилояти ИИБда 2023 йил якунига бағишланган сарҳисоб йиғилиши бўлиб ўтди

Бугун Бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев ҳузурида вилоят ички ишлар органлари ходимлари томонидан 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган хато-камчиликлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш видеоконференция кўринишида ўтказилиб, вилоят студиясидан Бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари, шаҳар-туман студияларидан эса Ички ишлар бўлимларининг масъул ходимлари иштирок этишди.

Дастлаб, Бошқарма бошлиғи ўринбосарлари томонидан соҳа хизматларида амалга оширилган ижобий ишлар, шу билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ва жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Бошқарма бошлиғи масъулларнинг ахбороти бўйича камчиликка йўл қўйилган соҳа хизмат йўналишларини кескин танқид қилиб, бунга сабабчи бўлган ходимларнинг ўтган давр мобайнидаги фаолиятлари атрофлича муҳокама қилинди ва тегишли интизомий таъсир чоралари кўриш, шунингдек, ижобий иш кўрсаткичларига эришган ходимларни эса муносиб рағбатлантириш ҳақида аниқ топшириқлар берди.

Йиғилиш сўнггида, вилоят ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жамоат ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аниқ белгиланган йўл харитаси бўйича иш ташкил этиш, айниқса жиноятларнинг салмоғи ошиб кетган турлари юзасидан аҳоли ўртасида тезкор профилактик тарғибот тадбирларини кучайтириш, жиноятчиликка қарши курашишда замонавий илғор технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш, камералаштириш орқали ҳудудларни тўлиқ қамровга олиш ва бошқа масалалар юзасидан масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech