Наманган вилояти ИИБ ва унинг соҳавий хизматлари томонидан 2023 йилнинг 10 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди
Наманган вилояти Ички ишлар органларида 2023 йилнинг 10 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режаларни ОАВ вакиллари ёрдамида аҳолига етказиш мақсадида жорий йилнинг 28 ноябрь куни матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ, ЙҲХБ, ММИ ва КБТХ шунингдек Тергов бошқармаси вакиллари иштирок этиб, журналист ҳамда блогерларга ўз йўналишлари бўйича маълумотлар тақдим этишди. Хусусан, йил бошидан шу вақтга қадар вилоят ҳудудида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, йўл транспорт ҳодисалари ва қоидабузарликлар статистикаси билан таништирилиб, ушбу ҳолатларни қайта содир этилишини олдини олиш бўйича йўлга қўйилган тизимли ишлар, ходимларнинг жисмоний жанговар ва соҳавий билим кўникмаларини ошириш борасидаги амалий ҳаракатлар борасида ахборот берилди.
Етказилган маълумотлардан сўнг журналистлар томонидан берилган саволларга соҳа вакиллари батафсил жавоб беришди. Бундан ташқари ОАВ ходимлари қиш-қировли кунлар яқинлашаётгани боис йўлларда тартибсизлик ва кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олишда ўзларининг таклиф ҳамда фикрларини билдириб ўтишди.
Қизғин руҳда кечган анжумандан сўнг журналистлар Динамо ўйингоҳида бўлиб, у ерда Бошқарма Жамоат хавфсизлиги хизмати кинология хизмат итларидан хизматда фойдаланиш сир-асрорлари, тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди, патруль-пост хизмати, ИИВ Махсус отрядчиларни мувофиқлаштириш бошқармаси Наманган вилояти бўйича махсус отрядининг хизмат-жанговар автомашиналари ҳамда хизматда фойдаланилаётган қурол-аслаҳаларнинг вазифаси, яратилиш тарихи тўғрисида мутахассис ходимлар ёрдамида тўлиқ маълумотларга эга бўлишди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби матбуот анжуманларини ўтказиб борилиши халқ ва давлат хизматлари ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи ОАВ вакиллари билан ИИО ходимларининг вилоят ҳудудида осойишталик ва хавфсизликни таъминлаш тарғиботларидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлайди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати