Наманган вилояти ИИБ раҳбариятининг навбатдаги ўрганиш ишлари Наманган туманида давом этди
Ички ишлар органлари томонидан фуқаролар тинчлигини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, шунингдек, ҳудудларда хавфсиз ва осойишта муҳитни шакллантириш борасида куну-тун хизмат олиб борилмоқда. Бу жараёнда ходимлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, мавжуд муаммоларни жойида аниқлаб, улар ечимига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан мунтазам равишда жойларга чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу каби навбатдаги ўрганиш ишлари Наманган туманида давом этиб, Бошқарма бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ўрганишларида туман ҳокими, туман прокурори ва бошқа масъул ташкилот вакиллари иштирок этди.
Ишчи гуруҳ дастлаб "Катта Тошбулоқ", «Ибрат» ва «Хўжақишлоқ» маҳаллалари еттилиги билан учрашиб, уларнинг жорий йилнинг ўтган даври мобайнидаги фаолияти, содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича муҳокама қилинди ҳамда келгусида жиноятчиликни олдини олиш борасидаги вазифалари белгилаб олинди.
Шунингдек, Наманган тумани марказида йўл инфратузилмасини яхшилаш, тирбандликларнинг олдини олиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ва транспорт ҳаракати қатновини тартибга солиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Мазкур йўналишдаги мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилди ҳамда масъулларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Ўрганишлар доирасида Ички ишлар бўлимининг маъмурий биноси ҳолати ҳам кўздан кечирилди. Аниқланган айрим камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, хизмат интизомига қатъий риоя қилиш, фуқаролар мурожаатларини сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқиш, шунингдек, криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича бир қатор долзарб масалалар юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган бу каби жойлардаги ўрганишлар тизимли равишда давом этиб, ички ишлар органларининг фуқароларга хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати