30 Июл 2025 йил 536

Наманган вилояти ИИБ раҳбариятининг навбатдаги ўрганиш ишлари Чуст туманида давом этди

Наманган вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида Ички ишлар органлари томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан ҳар бир тумандаги мавжуд вазият ўрганилиб, ички ишлар органлари фаолиятига амалий ёрдам кўрсатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Шу мақсадда навбатдаги ўрганиш ишлари Чуст туманида ўтказилиб, унда «қизил» тоифага киритилган маҳаллалардаги жиноятчилик ҳолати, профилактика ва тарғибот ишлари, шунингдек, ички ишлар бўлими фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.

Жумладан, ишчи гуруҳ томонидан “Чуст гулзори” ва «Камарсада» маҳаллаларида ўрганиш ишлари олиб борилди ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган профилактик тадбирлар натижалари кўриб чиқилди. Айниқса, «қизил» тоифадаги «Камарсада» маҳалласида аниқланган камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.

Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Чуст шаҳридаги тиббиёт бирлашмаси олдида жойлашган чорраҳада транспорт оқимини тартибга солишга қаратилган лойиҳа таклифи муҳокама қилинди ва бу борада масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Таъкидлаш жоизки, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олган бундай ўрганиш ишлари ва амалий ёрдам кўрсатиш жараёнлари босқичма-босқич ва изчил равишда давом эттирилади. Бу эса жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech