18 Октябр 2025 йил 31

Наманган вилояти ИИБ раҳбариятининг навбатдаги ўрганишлари Янги Наманган туманида олиб борилди

Вилоят ҳудуди бўйлаб босқичма-босқич амалга оширилаётган ўрганишлар давомида маҳаллалардаги жиноятчилик ҳолати чуқур таҳлил қилиниб, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тунги хизмат фаолиятининг самарали ташкил этилиши ўрганилмоқда.

Бошқарма раҳбариятининг навбатдаги ўрганиш манзили Янги Наманган тумани бўлди. Дастлаб «Мингчинор», «Фурқат», «Маънавият», «Беруний» ва «Гулистон» маҳаллаларида тунги осойишталикни таъминлашга жалб этилган ходимлар билан йўриқнома ўтказилди. Унда тунги хизмат давомида хушёрликни таъминлаш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида аниқ кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг «Фурқат» маҳалласи профилактика инспекторлари фаолияти ўрганилиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли тинчлигини сақлаш ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан тегишли топшириқлар ва вазифалар юклатилди.

Бундан ташқари, «Ўзсувтаъминот» АЖ Янги Наманган тумани бўлими фаолияти билан танишилди. Ташкилот раҳбарияти ва мутахассис ходимлар билан суҳбатлашилиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни ўрганилди ҳамда аҳолига узлуксиз ва сифатли тоза ичимлик суви етказиб берилишини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech