Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти жамоат хавфсизлиги хизматининг бир қатор йўналишлари фаолиятини ўрганди
Бошқарма бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан шаҳар ва туман ИИБларининг кундузги ҳамда тунги хизмат фаолияти ўрганилиши билан бир қаторда, бошқарма таркибидаги соҳавий хизматларнинг ҳам фаолияти самарадорлиги таҳлил этилмоқда.
Жумладан, бугун бошқарма бошлиғи томонидан жамоат хавфсизлиги хизматининг Кинология бўлинмаси, Махсус қабулхона ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг фаолияти ва яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Дастлаб, Кинология бўлинмасидаги хизмат итларини сақлаш питомниги фаолияти билан танишилиб, у ердаги хизмат итларининг сақланиш шароитлари ва машғулот жараёнлари кўздан кечирилди. Жиноятларни фош этиш ва аниқлаш жараёнида хизмат итларидан янада самарали фойдаланиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ўрганиш ишлари Жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг Махсус қабулхонасида давом эттирилиб, у ерда хавфсизлик чора-тадбирлари, сақланаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди.
Бундан ташқари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси фаолияти ҳам кўриб чиқилиб, Маъмурий амалиёт маркази масъул ходимларига аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича масъул раҳбарларнинг тақдимотлари тингланди.
Бу каби ўрганиш ишлари белгиланган режа асосида тизимли ва изчил тарзда давом эттирилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати