Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Наманган туманида ўрганиш ишлари олиб борилди
Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ички ишлар органлари ходимларининг тунги фаолияти, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларидаги хавфсизлик ҳолатини ўрганиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, Наманган туманида олиб борилган ўрганишлар жараёнида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олиш ва муҳим тоифадаги объектларнинг қўриқланишини самарали ташкил этиш мақсадида хизматга жалб этилган ходимларнинг фаолияти ўрганилди.
Ўрганишлар давомида туман марказида хизмат олиб бораётган ва «Агробанк» биносини қўриқлашга жалб этилган ходимлар билан суҳбат ўтказилди, уларга белгиланган тартибда топшириқ берилди.
Шунингдек, туман ИИБ Навбатчилик қисми кўздан кечирилиб, хизматга жалб этилган ходимлар томонидан тунги хизматни самарали ташкил этиш, келиб тушаётган хабарлар юзасидан зудлик билан тегишли чораларни кўриш масалалари танқидий муҳокама қилинди ва масъуллар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
Бундан ташқари, туман электр тармоқлари корхонасида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилиб, масъул ходим ва мутахассисларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражаси таҳлил қилинди. Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида зарурий эҳтиёт қисмлар захирасини шакллантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу каби ўрганиш ишлари вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати