Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 3-сафарбарлик гуруҳи ходимлари учун янги бино фойдаланишга топширилди
Ҳозирги кунда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан Косонсой ва қўшни туманларга хизмат кўрсатувчи йўл-патруль хизмат ходимлари учун янги маъмурий бино тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Тадбирда вилоят ИИБ раҳбарияти, туман ҳокими, фахрийлар ва ҳамкор ташкилот вакиллари иштирок этиб, бошқарма бошлиғи барчани Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги билан табриклади ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари ходимлари учун яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, рамзий лента кесилиб, бинода яратилган имкониятлар билан танишилди.
Мазкур масканда хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш, ходимларнинг маънавий ва касбий салоҳиятини юксалтириш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу имкониятлар Косонсой ва қўшни туманларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг тинчлиги ва хавфсизлигига хизмат қилади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати