Наманган вилояти ИИБ ишчи гуруҳининг навбатдаги ўрганишлари Уйчи туманида бўлиб ўтди
Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан ҳудудларда жиноятчиликни олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати инфратузилмасини яхшилаш ва ички ишлар органлари фаолиятини танқидий таҳлил қилиш бўйича олиб борилаётган тизимли ўрганишлар давом этмоқда.
Бугун навбатдаги ўрганиш ишлари Уйчи туманида ўтказилиб, Бошқарма раҳбарияти бошчилигидаги ишчи гуруҳ тумандаги ички ишлар бўлими фаолияти билан яқиндан танишди. Хусусан, туман ҳокими иштирокида «қизил» тоифадаги «Боғ» ва «Беруний» маҳаллаларида жиноятчиликни олдини олиш йўналишида амалга оширилган ишлар ўрганилиб, маҳалла еттилиги томонидан олиб борилган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўрганишлар давомида мазкур маҳаллаларда жиноятчиликка қарши курашиш борасида етарли даражадаги тизимли ишлар олиб борилмаганлиги натижасида ушбу ҳудудлар узоқ вақт давомида «қизил» тоифада бўлиб келаётганлиги кескин танқид қилинди. Маҳалладаги профилактик ишларни кучайтириш, жиноятчиликка олиб келувчи омилларни эрта аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, ички ишлар бўлимининг маъмурий биноси ҳолати, шарт-шароитлари, ходимлар фаолияти ва ўтган даврдаги хизмат натижалари ҳам танқидий руҳда таҳлил қилинди. Хизмат интизоми ва жиноятларнинг барвақт олдини олишдаги фаолият самарадорлиги масалаларига алоҳида тўхталиб, аниқланган камчиликлар юзасидан масъул раҳбар ва ходимлар қатъий огоҳлантирилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъуллари билан биргаликда «Оқтош» маҳалласидан ўтувчи автомобиль йўлида мавжуд йўл инфратузилмаси ҳолатини ҳам ўрганилди. Ушбу ҳудудда транспорт ҳаракати зичлиги, тирбандликлар, пиёдалар хавфсизлиги масалалари атрофлича кўриб чиқилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тақдим этилган лойиҳа таклифи кўриб чиқилди. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларни олдини олиш, транспорт оқимини самарали ташкил этиш юзасидан масъул раҳбарларга зарур кўрсатмалар берилди.
Ушбу ўрганиш натижалари асосида тегишли хизмат раҳбарлари ва ҳудудий бўлимларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш, аҳоли билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаб олиш бўйича аниқ топшириқлар юклатилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати