Наманган вилояти ИИБ ишчи гуруҳи Косонсой туманида тунги хизмат самарадорлигини ўрганди
Жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактика ишларини самарали ташкил этиш мақсадида Наманган вилояти ИИБ ишчи гуруҳи томонидан шаҳар ва туманларда тизимли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу доирада бошқарма бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Косонсой тумани бўлди. Ўрганишлар давомида Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 3-сафарбарлик гуруҳи ходимлари хизмат фаолияти таҳлил қилиниб, тунги вақтларда ҳайдовчилар ҳушёрлигини ошириш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, туман ҳокими ва прокурори иштирокида «Тагижар» маҳалласидаги «Эшонбобо» масжидида хавфсизлик чоралари ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, «Намуна» маҳалласи ва туман марказида тунги хизматнинг ташкил этилиши, шунингдек боғ ҳудудларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўздан кечирилди. Ходимларга йўриқнома ўтказилиб, аҳоли осойишталигини таъминлаш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича устувор вазифалар юклатилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати