Наманган вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг ўрганишлари Мингбулоқ туманида давом эттирилди
Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, криминоген вазият, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги фаолияти куну-тун тизимли равишда ўрганилиб, бу борадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилмоқда.
Шу жараённинг навбатдаги манзили – Мингбулоқ тумани бўлиб, бу ерда ҳам вилоят ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан қатор йўналишлар ва муҳим манзиллар кўздан кечирилди.
Жумладан, Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманларини боғловчи кўприкда қўриқлаш хизматини ўтаётган ходимларнинг хушёрлиги, масъулияти ва хизмат интизоми таҳлил қилиниб, уларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг қошидаги ҳушёрлаштириш бўлими мутахассислари ва мазкур бўлимга бириктирилган ходимларнинг фаолияти ўрганилди. Ушбу масканда яратилган шарт-шароитлар билан танишилиб, бўлимга олиб келинган фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ва тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнларини самарали ташкил этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Ўрганишлар давомида тунги хизматга жалб этилган ходимлар учун йўриқнома ўтказилиб, фуқаролар осойишталиги, ҳудуд тинчилиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар юклатилди.
Бундан ташқари, тумандаги пахта қабул қилиш масканида амалга оширилган техника хавфсизлиги чора-тадбирлари ҳам назорат қилинди. Масъул ходимларга пахта хом-ашёсини ёнғиндан асраш, ташиш жараёнида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу каби ўрганиш ишлари вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати