6 Сентябр 2025 йил 303

Наманган вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг вилоят аҳолисига мурожаати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги жорий йил 30 апрелдаги ПҚ-153-сон қарори ҳамда Ички ишлар Вазирининг 28 августдаги 317-сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида 2 сентабрдан 2 октабрга қадар республика миқёсида кенг қамровли “Хавфсиз кибермакон” тезкор-профилактик тарғибот тадбирини ўтказиш белгиланган.

Шунга мувофиқ, вилоятимиз ҳудудида 2 сентябрь куни “Хавфсиз кибермакон” тезкор-профилактик тарғибот тадбири ойлигини ўтказишга старт берилди.

Тарғибот тадбирини ўтказишдан асосий мақсадимиз “Фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланишларини олдини олиш ҳамда кибержиноятларга қарши курашишда фуқароларда «кибергигиена»ни шакллантириш” ҳисобланади.

Хусусан, ўтган 8 ой давомида вилоятимиз ҳудудида ахборот технологиялари соҳасида жами 3 минг 251 та жиноий ҳолатлар содир этилган (шундан, 1 693 таси ўғрилик, 1 473 таси фирибгарлик).

Жиноят қурбони бўлаётган аҳолимизнинг асосий қисми 41 фоизи 30-45 ёш, 39 фоизи 16-30 ёш ҳамда 20 фоизи 45-60 ёшдаги фуқароларимиз ҳисобланади.

Фуқароларимизнинг 38 фоизи вирусли иловалар (АПК иловаси), 15 фоизи онлайн савдо платформалари, 14 фоизи сохта биржа ва трейдерлар, 13 фоизи сохта телефон қўнғироқлари, 6,5 фоизи онлайн кредит расмийлаштириш, 3,5 фоизи хайрия ва ижтимоий ёрдам сўраш, 2 фоизи мерос ёки пул юборишни ваъда қилиш ҳамда 8 фоизи бошқа усуллар ёрдамида фирибгарларнинг тузоғига тушмоқдалар.

Шу сабабли, “Хавфсиз кибермакон” тарғибот ойлиги давомида ўзимизни ва яқинларимизни кибержиноятчиликдан жабрланишларидан сақлаш, интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланиш, банк пластик карталарингиздаги маблағларни фирибгарлар томонидан ўзлаштириб олишларига йўл қўймаслик учун тарғибот ойлигида фаол иштирок этишликка чақираман.

Шу ўринда айтиш жоизки, фойдаланиб келаётган замонавий смартфонларингиз, Сиз учун ҳам ишончли дўст бўлиши мумкинлиги, аксинча эса, энг хавфли душмандан ҳам зарарли эканлигини айтмоқчиман.

Бунинг учун эса, телефон ёки шахсий компьютерларингиз орқали тақиқланган сайтларга кирмасликни, ёлғон (фейк) хабарларга ишониб, фирибгар тузоғига тушиб қолмасликни, бир-бирингизни шахсий маълумотларингизни унинг розилигисиз тарқатмасликни ҳамда сохта трейдерларга алданиб қолмаслигингизни сўраб қоламан.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи С.Нугманов

Text to speech