7 Декабр 2023 йил 5317

Наманган вилояти Ички ишлар органларидахизмат қилаётган аёл ходимлари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди

Ички ишлар органларида фаолият юритувчи аёл ходималар жисмонан соғлом ва маънан етук бўлмоғи лозим. Бироқ, эркаклар билан бир сафда хизмат қиладиган ушбу соҳа эгалари ҳар доим ҳам ўз саломатликлари учун қайғуришга вақт топа олишмайди. Шуни инобатга олган ҳолда вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ ташаббуси билан Наманган вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида аёл ходималар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Дастлаб малакали тиббиёт мутахассислари томонидан семинар ўтказилди. Унда аёлларда учрайдиган ички касалликлар пайдо бўлиш сабаблари, мазкур касалликларни олдини олиш ва даволаш ҳамда соғлом турмуш тарзига амал қилиш борасида керакли тушунча ва тавсиялар берилди. Шундан сўнг барча ходималар онкологик ва гинекологик текширувлардан ўтказилди.

Тиббий текширувлар якунига етгач вилоят ИИБ кичик мажлислар залида «Нанонет» психологик клиникаси психологлари томонидан фуқаролар билан мулоқот вақтида юзага келувчи стресс ҳолатларидан чиқиш, шахсни ўзига нисбатан ишончини мустаҳкамлаш, иш унумдорлигини ошириш мавзуларида махсус тренинглар ўтказилди.

Бу каби амалий тадбирларни доимий ўтказиб борилишидан ИИО тизимида аёлларнинг ўрни ва саломатлиги муҳим аҳамиятга эгалигини англаб олиш қийин эмас. Бу эса ходималарнинг келгуси фаолиятларида янада самарали иш ташкил этишларида катта туртки бўлади десак муболаға бўлмайди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech