12 Декабр 2023 йил 5089

Наманган вилояти Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар учун касбий тайёргарлик ўқув йиғинлари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2021 йил 27 августдаги “Ички ишлар органларида узлуксиз ўқув-карьера жараёни тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги ва Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жорий йил 10 декабрдаги буйруғига асосан вилоят Ички ишлар органларига тўғридан-тўғри танлов асосида қабул қилинган ходимлар билан бошланғич касбий тайёргарлик ўқув йиғинлари бошланди.

Мазкур йиғин Наманган вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказида ташкил этилиб, ушбу марказ тингловчиларни билим ва кўникмаларини шакллантириш учун зарур бўлган барча шароитлар, замонавий синф хоналари, ошхона ва ётоқхоналар билан таъминланган.

Ўқув йиғини дастурига мувофиқ, масъул ходимлар томонидан машғулотлар тегишли мавзулар бўйича кўргазмали қуроллар ёрдамида замонавий ҳамда интерфаол методлардан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларини янада самарали ташкил этиш мақсадида давлат бошқарув ва ҳуқуқ тартибот идораларининг олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ҳарбий қисмлардаги тажрибали мутахассислар, шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматларининг малакали ходимлари томонидан амалий ва назарий дарслар йўлга қўйилди.

Маълумот учун мазкур ўқув йиғини 1 ой давом этади ва якунда тингловчилардан белгиланган мавзулар бўйича синовлар қабул қилинади. Синовлардан муваффақиятли ўтган ходимларга комиссия таркиби томонидан сертификатлар топширилади.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech