19 Феврал 2024 йил 2638

“Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги” мусобақаси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2024-йил 12-февралдаги тегишли буйруғига асосан, жорий йилнинг 27-февраль кунидан 6-март кунига қадар вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида футбол спорт тури бўйича “Вазир кубоги” мусобақаси ўтказилиши белгиланган.

Мазкур мусобақанинг ҳудудий босқичлари тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда Навоий, Жиззах, Қашқадарё ҳамда Наманган вилоятларида ташкил этилди.

Наманган вилоятида мусобақага муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида соҳавий-хизматлар, мустақил бошқарма ҳамда туман (шаҳар) ИИОда хизмат олиб борувчи ходимлардан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш учун вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи ишлаб чиқилди ва унга асосан “Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Мусобақада жами 16 та терма жамоалар ўзаро олимпия тизимида куч синашди. Ўйинларни Наманган вилояти футбол федерациясининг тажрибали ҳакамлар бригадаси бошқариб боришди.

Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра 3-ўринга Патруль пост хизмати батальони жамоаси, 2-ўринга Бошқарма аппарати жамоаси лойиқ кўрилди.

1-ўрин эса Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди жамоасига насиб этди.

Мусобақада, шунингдек, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ҳужумчи”, “Энг яхши ҳимоячи”, “Ғалабага бўлган иродаси учун” номинация эгалари ҳам аниқланди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида бошқарма бошлиғининг ўринбосари сўз олиб, жамоаларнинг ҳар бир ўйини финал баҳсига тенг бўлиб ўтганлигини алоҳида таъкидлади ва кейинги мусобақаларда уларга омад-зафарлар тилади.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech