29 Сентябр 2025 йил 102

Наманган вилоят прокурорининг вилоят аҳолисига мурожаати

Ҳурматли Наманган вилояти фуқаролари, ота-оналар, тадбиркорлар!

Вилоятимизда, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, коррупцияга қарши кураш, бир сўз билан айтганда, тинч ва фаровон турмуш тарзини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида жиноятларнинг қотиллик, босқинчилик, талончилик, фирибгарлик, безорилик, ўлим билан боғлиқ йўл - траспорт турларини камайишига эришилди.

Бироқ, криминоген вазиятни яхшилаш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилиб, ўзининг ижобий натижасини бераётган бир вақтда, оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг содир этилаётганлиги барчамизни бирдек   ташвишга   солмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 8 ойида оғир тан жароҳати етказиш жинояти 40 (34) та содир этилиб, ўтган йилнинг мос   даврига  нисбатан 6 та ёки 17,6 фоизга ошган. 

Уларнинг 3 таси транспортда йўл талашиш;

- 8 таси жабрланувчи маст бўлиб, айбланувчига нисбатан содир этган  ноқонуний хатти - ҳаракатлари;

- 6 таси шилқимлик ва вояга етмаган мактаб ўқувчиларининг ўртасида келиб чиққан арзимас келишмовчиликлар;

- 2 таси қарз ва ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб олиш натижасида   келиб   чиққан низо;

- 14 таси айбланувчиларнинг ичкиликка ружу қўйиб, ножўя   хатти - ҳаракатлар   содир этишининг салбий таъсири;

- 10 таси бошқа ҳолатлар.

Жиноятлар 6 таси муқаддам судланган шахслар;

- 22 таси расмий иш (норасмий) билан банд бўлмаган шахслар;

- 6 таси ижтимоий профилактика объекти бўлган шахслар ва  6 таси бошқа   шахслар томонидан содир этилган.

Ҳурматли  юртдошлар!

Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.

Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишга қаратилган 1 ва 111 - сонли қарорлари асосида вилоятда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига масъул идоралардан кунлик сўров ўтказиш механизми   йўлга қўйилган.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу жиноятларнинг содир бўлишига бир неча омиллар сабаб бўлмоқда.

Ушбу тоифа жиноятларини келиб чиқишига:

- ҳайдовчиларда йўл маданияти йўқлиги;

- ичкиликка ружу қўйган ёки маст ҳолатда тажовузкор характерга эга бўлган шахслар билан етарли иш ташкил этилмаганлиги;

- муқаддам судланган ва пробация ҳисобида жазо муддатини ўтаётган шахсларни билан манзилли ва индивидуал тартибда етарлича   ишланмаётганлиги;

- ажрим ёқасига келиб қолган, узоқ муддат оилавий низолашаётган шахсларни яраштириш ёки низони бартараф этиш чоралари етарлича   кўрилмаётганлиги;

- кенг жамоатчилик вакилларини содир этилаётган ҳолатларга бепарволиги сабаб ва омил бўлмоқда.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида прокуратура органлари томонидан бир қатор профилактик назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Мухтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 18 август кунидаги жиноятчиликни барвақт олдини олиш борасидаги ПҚ-253-сонли қарорлари ижроси устидан ҳам қатъий прокурор назорати ўрнатилди.

Яратилган янги тизим самарасида, криминоген вазияти оғир 105 та ҳамда 3 йилдан буён криминоген вазияти оғир бўлган 13 та маҳаллаларга прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия ва таълим муассасаси масъул ходимлари номма - ном бириктирилиб, манзилли чора - тадбирлар “йўл харита” лари ишлаб чиқилди.

Оқибатда, вилоятдаги 754 та маҳалларнинг 390 (51,7%) тасида жиноят содир этилмади, 315 (41,8%) тасида эса, жиноятлар   камайди.

Шунингдек, ушбу 13 та маҳаллалар ҳудудига 4.920 та видеокузатув камералари ўрнатилиб, шундан 279 таси «Қалқон» тизимига, 194 таси “Ҳуқуқ тартибот масканлари” га интеграция қилинди, 890 та объект ва 463 та хонадонлар техник қўриқловга олинди ҳамда 297 та ташвиш тугмалари ўрнатилди.

Бу ишлар қисқа муддатда ўз самарасини кўрсатиб, бир неча йиллардан буён жиноятлар салмоғи юқори бўлган қизил тоифадан чиқмасдан келаётган Сардоба, Ғишткўприк, Юқори Ғирвон ва Гўзал маҳаллалари қизил тоифадан чиқарилишига эришилди.

Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига
450 дан зиёд “профилактик – огоҳлантирувчи мурожаат”лар қилинди.

Албатта, бу ишларимиз ҳам натижа бераяпти, лекин шундай бўлсада бу каби жиноятлар ҳанузгача қайд этилмоқда.

Шу муносабат билан, Сиз ҳурматли фуқароларимизга мурожаат қилган ҳолда қуйидаги профилактик чораларни кўришингизни тавсия қиламиз.

- йўлларда автомототранспорт воситаларини ҳайдаётганда йўл маданиятига риоя қилинг;

- ҳудудингиздаги ичкиликка ружу қўйган ёки маст ҳолатда тажовузкор характерга эга бўлган шахслар ҳақида зудлик билан ички ишлар органларига ҳабар беринг;

- ҳудудингиздаги ажрим ёқасига келиб қолган, узоқ муддат оилавий низолашаётган шахсларни намунали турмушга қайтаришда ҳокимлик, маҳалла ва мутасаддиларга кўмакдош   бўлинг!

Қадрли юртдошлар!

Келинг, барчамиз жиноятчиликнинг олдини олишда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик!

Наманган вилоят прокурори У.М.Мадрахимов

Text to speech