9 Феврал 2024 йил 2408

Наманган вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан "Раҳбар ва тюторлар учрашуви" ўтказилди

Мамлакатимизда Ички ишлар органлари томонидан олий таълим муассасаларида қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо бу борада олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан талабалар томонидан содир этилаётган жиноятлар ортиб бораётганлиги барчани ташвишга солмоқда. Бу эса ўз навбатида талабалар ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ва таълим-тарбия ишларини янада кучайтирилишини тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан талабалар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жиноят содир этишга мойил бўлган талабаларни аниқлаш, талабалар ётоқхонаси ва ижарада яшовчи талабаларнинг дарсдан бўш вақтлари, яшаш шароитларини доимий равишда ўрганиб бориш, бу борада масъул шахслар, хусусан, тюторлар билан узвий ҳамкорликни олиб бориш мақсадида, Наманган давлат университетида вилоят ҳудудидаги олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган тюторлар, проректорлар, ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари ҳамда олий таълим муассасаларида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари иштирокида муҳокама учрашуви ташкил этилди.

Йиғилишда ўтган давр мобайнида талабалар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида талабаларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, уларнинг замонавий билим олиши учун барча имкониятларни яратиш, уларни ватанпарварлик ҳамда она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар белгилаб олинди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech