Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев Поп тумани «Қўшминор» МФЙда жойлашган божхона назорат ўтказиш пункти фаолиятини ўрганди.
Ходимлар билан мулоқот мобайнида соҳада жорий этилган янги ахборот тизимлари ва уларнинг имкониятлари шунингдек, фуқаролар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Чегара билан боғлиқ салбий ҳодисаларни барвақт олдини олишда ИИБ, Божхона ва чегара хизмати ходимларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг туманнинг чегара ҳудудида жойлашган “Соҳибкор” ва “Қўшминор” МФЙда бўлиб, Маҳалла бешлиги билан мулоқот қилди. Суҳбат давомида ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини олдини олиш, маҳалла иқтисодиётини ривожлантириш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш, муаммоли мурожаатларни ҳал этишда тизимли иш ташкил этиш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида ўз таклифларини берди.
Маҳалладаги низоли оилалар, жиноят содир этишга мойиллиги бор ёшлар билан хонадонбай профилактик ва тарғибот ишлари олиб бориб мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёшларнинг тарбиясида ёши улуғ отахон ва онахонлар кўмагидан фойдаланиш, улар иштирокида учрашувлар, муҳокама йиғилишлари ўтказиб бориш топшириғини берди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати