24 Феврал 2024 йил 4033

Наманган давлат университетида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбири ҳамда сайёр суд мажлиси ўтказилди

Дастлаб иштирокчиларга кейинги вақтларда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кўп учраётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди. Жумладан, ёшлар ўртасида содир этилаётган гиёҳвандлик, безорилик, талончилик, йўл-транспорт воситалари билан боғлиқ жиноятлар ошиб бораётгани таъкидланди. Жиноят содир этиб, бугунги кунда панжара ортида ўтирган ёшларнинг аянчи қисмати ҳақида сўз юритилди. Ачинарлиси, бугун улар қаторига олий ўқув юртида таълим олаётган талабалар ҳам қўшилиб қолаётгани афсус билан тилга олинди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир йигит-қиз пухта билим эгаллаб, белгиланган қонун қоидаларга амал қилиши, турли қинғир ишларга қўл урмаслиги лозимлиги таъкидланди.

Шу куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилди.

Сайёр судда дастлаб талончилик, гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний сақлаш, ўтказиш билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларнинг ишлари кўриб чиқилди. Ҳар бир иш бўйича процесс иштирокчиларининг музокаралари эшитилиб, иш ҳужжатлари ўрганилди. Якунда судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди.

Бундан ташқари, сайёр суд мажлисда пробация гуруҳи ҳисобида туриб суд томонидан белгиланган мажбуриятларини ўтаётган шахсларга оид тақдимномалар ҳам кўриб чиқилди. Хатоларидан хулоса чиқарган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, ҳалол ва фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳаётини изга солишга уринаётган 10 нафар шахслар муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Аксинча, суд томонидан белгиланган жазодан бўйин товлаб, мажбурият ва тартибларга риоя этмаган 2 нафар шахсларнинг жазолари оғирроқ турдаги жазога алмаштирилди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech