Наманган давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Наманган вилоят ИИБ ва Наманган давлат университети билан ҳамкорликда "Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!" деган бош ғоя асосида Университет талабалари ўртасида "Менинг ҳуқуқ ва мажбуриятларим" интеллектуал танлови ўтказилди.
Танловда Наманган давлат университети Иқтисодиёт факультетининг иқтисодиёт, молиявий бошқарув, менежмент, туризм йўналиши талабаларидан иборат таркибда, “Келажак лидерлари”, “Адолат”, “Ибрат”, “Лочинлар” ва “Ренессанс” жамоалари ўзаро беллашдилар.
Ушбу танлов жами 3 та босқичдан иборат бўлиб, тест синовлари ва ҳуқуқий билимдонлик шартлари бўйича талабалар конституцияга оид билимларини синовдан ўтказишди. Шунингдек, якунида ҳуқуқий саводхонлик йўналишида саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Танлов якунларига кўра фахрли биринчи ўринни "Ибрат" жамоаси, иккинчи ўринни "Лочинлар" жамоаси, учинчи ўринни эса "Адолат" жамоаси қўлга киритишди.
Танлов ғолибларига, шунингдек, “Энг яхши саҳна кўриниши” номинацияси билан “Ибрат” жамоаси, “Энг зукко ҳуқуқ билимдони” номинацияси билан “Келажак лидерлари” жамоаси, “Энг яхши жамоа сардори” номинацияси билан “Келажак лидерлари” жамоаси сардори Ноила Абдуллажанова тақдирландилар ҳамда энг яхши гуруҳ раҳбари Обидхон Шарифовга ҳамкор ташкилотларнинг ташаккурномаси топширилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати