Наманган давлат техника университетида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ўтказилди
Юртимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини ўрганиш, уларни ҳал этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан ёшларнинг муаммоли мурожаатларини ўрганиш, уларни ижобий ҳал этиш ҳамда уларнинг фаоллигини оширишга қаратилган сайёр қабуллар, учрашувлар ва очиқ мулоқотлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” Наманган давлат техника университетида ўтказилди. Тадбирда вилоятнинг 14 та шаҳар ва туманларидан 200 нафарга яқин йигит-қизлар ҳамда университет талабалари иштирок этишди.
Дастлаб, бошқарма бошлиғи ёшлар билан мулоқот чоғида бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши ҳамда замонавий билимларни эгаллаши учун барча шароитлар яратилганини таъкидлади. Шу билан бирга, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган ёшлар Ўзбекистон номини жаҳон миқёсида муносиб тарғиб этаётганини алоҳида қайд этди.
Самимий ва очиқ мулоқот тарзида кечган учрашув давомида ёшлар ўз мурожаатларини билдиришди. Ечимини кутаётган масалаларнинг аксарияти жойнинг ўзида ҳал этилди, айрим мурожаатлар эса масъулларга бириктирилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати