Наманган шаҳар прокурорининг шаҳар аҳолисига мурожаати
Азиз юртдошлар, шаҳримиз меҳмонлари!
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.
Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.
Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.
Азиз Наманган шаҳар аҳли!
“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.
Наманган шаҳридаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта таъсир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.
Шаҳримизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.
Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.
Шу боис, шаҳарнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.
Қадрли юртдошлар!
Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.
2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Қарори асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, шаҳар прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.
Қарор ижроси доирасида 2025 йил 8 ойи якунига кўра шаҳардаги жами 59 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 3 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилган.
Барча шаҳар ва маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирлар “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
“Йўл харитаси” ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойларга 1 012 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 360 даража айланувчи 45 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 154 та, бозор ва савдо марказларига юзни ва автомобиль рақамини таниб олувчи 36 та, жами бўлиб 1 247 га яқин камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 436 дан ортиқ домофонлар, уйларнинг кириш йўлакларига 102 дан ортиқ ташвиш тугмалари ўрнатилди, 234 та савдо муассасалари ва қарийб 2 159 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.
Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби жами 1500 га яқин стикерлар жойлаштирилди, маҳаллаларда 45 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 108 та “намунавий хавфсиз йўлак” ташкил этилди.
Мисол учун, йил бошидан бери шаҳарда ўрнатилган камералар ёрдамида қидирувда бўлган 7 нафар, жазодан бўйин товлаб келаётган пробация ҳисобидаги 3 нафар шахслар ҳамда олиб қочилган 5 та транспорт воситалари ушланди. Шунингдек, бедарак йўқолган 13 нафар шахслар топилиб, 51 та жиноятлар “иссиқ изи”дан фош этилди.
Қарорга асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.
Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, шаҳар маҳаллаларида содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, 3-чорак учун йўл хариталарни ҳам ишлаб чиқилди.
Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини ҳам ўйлаб топмоқдалар.
Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади.
Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги ташвишли ҳолдир.
Ҳурматли фуқаролар!
Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Азиз ҳамюртлар!
Жиноятларга қарши курашда ҳамкор ташкилотлар ҳамда жамоатчилик кўмагида жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат берамиз.
Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақирамиз.
Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан кафолат бераман.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Наманган шаҳар прокурори Қ.Н.Ахмаджанов