Наманган шаҳар прокурорининг шаҳар аҳолисига мурожаати
Азиз юртдошлар, шаҳримиз меҳмонлари!
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.
Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.
Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.
Азиз Наманган шаҳри аҳли!
“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.
Наманган шаҳардаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта таъсир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.
Шаҳримизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.
Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.
Шу боис, шаҳарнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.
Қадрли юртдошлар!
Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.
2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Қарори асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, шаҳар прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.
Қарор ижроси доирасида 2025 йил 9 ойи якунига кўра шаҳардаги жами 59 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 7 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилган.
Шаҳар ва барча маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирлар “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
“Йўл харитаси” ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллалардаги аҳоли гавжум жой ва кўчаларга 915 та видеокузатув камералари, кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига 51 та PTZ–камералари, маҳаллаларнинг асосий кириш–чиқиш жойларига 214 та юзни ва авторақам таниб олувчи камералар, савдо марказлар ва бозорларга юзни ва авторақамларни таниб олувчи 37 та камералар, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг кириш–чиқиш жойларига 79 та PTZ–камералар, мактаблардаги очиқ спорт майдонларига 31 та PTZ– камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 373 та домофон комплекслари ўрнатилди.
Кўп қаватли ҳамда якка тартибдаги хонадонлардан 2 159 таси ва савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларидан 234 таси Қўриқлаш хизматининг техник қўриқловига олинди. Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 102 та ташвиш тугмалари ўрнатилди.
Маҳаллаларда 87 та “намунавий хавфсиз кўча”лар ва маҳаллаларда 220 та “намунавий хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.
Мисол учун, йил бошидан бери шаҳарда ўрнатилган камералар ёрдамида қидирувда бўлган 7 нафар ҳамда олиб қочилган 4 та транспорт воситалари ушланди. Шунингдек, бедарак йўқолган 13 нафар шахслар топилиб, 55 та жиноятлар “иссиқ изи”дан фош этилди.
Қарорга асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.
Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, шаҳар маҳаллаларида содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, 3-чорак учун йўл хариталарни ҳам ишлаб чиқилди.
Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини ҳам ўйлаб топмоқдалар.
Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади.
Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги ташвишли ҳолдир.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этди.
Бу тоифадаги жиноятлар, бир неча бараварга кўпайди.
Азиз ҳамшаҳарлар!
Содир этилган жиноятнинг таҳлиллар асосида оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузарликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.
Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.
Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 246 та ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 241 та чоралар кўрилди.
Булардан ташқари, 9 282 нафар ишсизлардан 8813 нафари ишга жойлаштирилди, 2 569 нафари касбга ўқитилди, 1 252 нафари эса касбга йўналтирилди.
Ушбу жараёндан муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар ҳам четда қолмади.
Уларнинг 14 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 6 нафарининг бандлиги таъминланди, 8 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.
Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.
Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.
Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.
Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 41 та муаммоси ҳал қилинди.
Мактабгача ва мактаб таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига хавфсизликни таъминловчи 79 та замонавий камералар ўрнатилди.
Ҳурматли фуқаролар!
Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Азиз ҳамюртлар!
Жиноятларга қарши курашда ҳамкор ташкилотлар ҳамда жамоатчилик кўмагида жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат берамиз.
Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақирамиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Наманган шаҳар прокурори К.Н.Ахмаджанов