8 Июл 2025 йил 198

Наманган шаҳар прокурорининг шаҳар аҳолисига мурожаати

Азиз юртдошлар, шаҳримиз меҳмонлари!

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.

Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.

Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.

Азиз Наманган шаҳри аҳли!

“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.

Наманган шаҳардаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта таъсир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.

Шаҳримизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.

Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.

Шу боис, шаҳарнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.

Қадрли юртдошлар!

Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.

2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Қарори асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, шаҳар прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.

Қарор ижроси доирасида 2025 йил 6 ойи якунига кўра шаҳардаги жами 62 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 12 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилган.

Барча шаҳар ва маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирлар “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

“Йўл харитаси” ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойларга 360 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 360 даража айланувчи 21 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 60 та, бозор ва савдо марказларига юзни ва автомобиль рақамини таниб олувчи                   11 та, жами бўлиб 452 га яқин камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 150 дан ортиқ домофонлар, уйларнинг кириш йўлакларига 33 дан ортиқ ташвиш тугмалари ўрнатилди, 106 та савдо муассасалари ва қарийб 734 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби жами 642 га яқин стикерлар жойлаштирилди, маҳаллаларда 24 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 60 та “намунавий хавфсиз йўлак” ташкил этилди.

Мисол учун, йил бошидан бери шаҳарда ўрнатилган камералар ёрдамида қидирувда бўлган 4 нафар, жазодан бўйин товлаб келаётган пробация ҳисобидаги 3 нафар шахслар ҳамда олиб қочилган 5 та транспорт воситалари ушланди. Шунингдек, бедарак йўқолган 10 нафар шахслар топилиб, 45 та жиноятлар “иссиқ изи”дан фош этилди.

Қарорга асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.

Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, шаҳар маҳаллаларида содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди.

Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, 3-чорак учун йўл хариталарни ҳам ишлаб чиқилди.

Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини ҳам ўйлаб топмоқдалар.

Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади.

Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги ташвишли ҳолдир.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этди.

Маълумот учун, шаҳардаги жиноятларнинг 43,8 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида биргина пластик карталардан пул маблағларини ечиб олиш ҳолатлари юзасидан 294 та жиноят иши қўзғатилди.

Кибер маконда содир этилган жиноятларнинг 157 таси ёки 53,4 фоизи фирибгарлик ҳамда 130 таси ёки 44,2 фоизи ўғриликни ташкил қилган.

Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар, бир неча бараварга кўпайди.

Илгари бундай жиноятларга қарши ишлайдиган тизим бўлмаган. Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил фейк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги   маълумотларни сир сақлашни сўраб қоламиз.

Азиз шаҳардошлар!

Содир этилган жиноятнинг таҳлиллар асосида оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузарликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.

Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.

Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 195 та ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 166 та чоралар кўрилди.

Булардан ташқари, 9282 нафар ишсизлардан 5105 нафари ишга жойлаштирилди, 619 нафари касбга ўқитилди, 719 нафари эса касбга йўналтирилди.

Ушбу жараёндан муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар ҳам четда қолмади.

Уларнинг 3 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 5 нафарининг бандлиги таъминланди, 6 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.

Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.

Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.

Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 22 та муаммоси ҳал қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига хавфсизликни таъминловчи 28 та замонавий камералар ўрнатилди.

Ҳурматли фуқаролар!

Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Азиз ҳамюртлар!

Жиноятларга қарши курашда ҳамкор ташкилотлар ҳамда жамоатчилик кўмагида жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат берамиз.

Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақирамиз.

Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан кафолат бераман.

Наманган шаҳар прокурори Қ.Ахмаджанов

Text to speech