Наманган шаҳар прокурорининг шаҳар аҳолисига мурожаати
Азиз юртдошлар, шаҳримиз меҳмонлари!
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.
Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.
Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.
Азиз Наманган шаҳри аҳли!
“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.
Наманган шаҳардаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта таъсир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.
Шаҳримизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.
Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.
Шу боис, шаҳарнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.
Қадрли юртдошлар!
Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.
2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Қарори асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу қарорлар асосида ташкил этилган вилоят ва туман штаб ва ишчи гуруҳларлари томонидан ҳар бир содир этилган жиноятнинг сабаб ва омиллари чуқур таҳлил қилиниб, бу каби салбий ҳолатларни келгусида олдини олишга қаратилган аниқ тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жиноятларнинг олдини олиш бўйича ҳудудларнинг ўзига хос ҳусусиятларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган “Йўл харита” ларда белгиланган вазифалар ижроси ўз самарасини бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилдан бу борадаги прокурор назорати кескин кучайтирилди.
БИРИНЧИДАН, Қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида криминоген вазияти оғир 59 та маҳаллаларга масъул раҳбарлар номма – ном бириктирилди.
Эндиликда, бириктирилган ходимларимиз жиноятларнинг омил ва сабабларини ўрганишдан ташқари ўша ҳудудда амалий тадбирлар ҳам ўтказиб келишмоқда.
Биз эндиликда муаммонинг туп негизигача етиб бориб, “маҳалла прокурори” деган ёндашув билан ишлаяпмиз.
“Йўл хариталари” ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллаларда 856 га яқин камералар, 280 дан ортиқ домофонлар, 60 дан ортиқ ташвиш тугмалари ўрнатилди.
67 та “намунавий хавфсиз кўча” ва 166 та “намунавий хавфсиз йўлак” ташкил этилиб, ички йўл ва кўчалар 100 та ёритиш воситалари билан таъминланди.
Натижада, 59 та маҳалларнинг 6 тасида (10,2 %) жиноят содир этилмади (“яшил”), 42 тасида (72,2 %) эса камайишига эришилди (“сариқ”).
ИККИНЧИДАН, Қарор билан 18 март кунидан маҳаллаларда олдини олиш мумкин бўлган оғир ва ўта оғир ҳамда оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни вилоят даражасида индивидуал – танқидий муҳокама қилиб, қатъий назорат ва сўров тизимини йўлга қўйдик.
Маҳаллаларда содир этилган 318 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, қонунбузилишига йўл қўйган мутасаддиларга 42 та тегишли таъсир чоралар, шундан масъул шахсларнинг 17 нафарига ҳайфсан, 25 нафарига эса, танбеҳ интизомий жазо чоралари қўлланилиб, 6 нафари лавозимидан озод этилди.
Оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этилишига сабабчи бўлган мутасаддиларга нисбатан 1 та жиноят ишлари қўзғатилди.
Ҳурматли ҳамюртлар!
Умуман, жиноятчиликка қарши кураш борасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар билан бир қаторда, ҳали олдимизда кўплаб камчилик ва муаммолар мавжуд.
Жорий йил 7 ой якуни бўйича жами содир этилган (866 та) жиноятларнинг 318 таси ёки 36,7 фоизи олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ҳисобланади.
Олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардан 264 таси ёки эътибор беринг, 30,5 фоизи айнан маҳаллаларда олдини олиш мумкин бўлганларни ташкил этган.
Азиз шаҳардошлар!
Содир этилган жиноятнинг таҳлиллар асосида оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузарликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.
Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.
Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 214 та ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 193 та чоралар кўрилди.
Булардан ташқари, 9 282 нафар ишсизлардан 5 655 нафари ишга жойлаштирилди, 2 569 нафари касбга ўқитилди, 1 252 нафари эса касбга йўналтирилди.
Ушбу жараёндан муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар ҳам четда қолмади.
Уларнинг 13 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 6 нафарининг бандлиги таъминланди, 7 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.
Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.
Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.
Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.
Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 37 та муаммоси ҳал қилинди.
Мактабгача ва мактаб таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига хавфсизликни таъминловчи 92 та замонавий камералар ўрнатилди.
Ҳурматли фуқаролар!
Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Азиз ҳамюртлар!
Шундай экан, аҳоли ва кенг жамоатчиликни шаҳримизда жиноятларни кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка, жиноятчиликка қарши курашишга, доимо огоҳ бўлишга чақираман.
Наманган шаҳар прокурори Қ.Н.Ахмаджанов