Наманган шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан хотин-қизлар муаммолари ҳал этилмоқда
Наманган шаҳар ИИО ФМБ Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан аёллар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, энг асосийси ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида жойларда тарғибот учрашувлари ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги ана шундай тарғиботлардан бири “Абу Али Ибн Сино” номидаги Жамоат саломатлиги техникумида бўлиб ўтди. Унда талабаларга сўнгги пайтларда ёшлар орасида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларни келтириб чиқараётган омиллар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, тазйиқ ёки зўравонликдан жабр кўраётган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилиш тартиб-қоидалари тушунтирилди.
Шундан сўнг, Наманган шаҳар 3-сектор ҳудудидаги «Ифтихор» маҳалла бешлиги билан ҳамкорликда ҳудудда жойлашган хонадонлардаги оилаларнинг турмуш шароити ўрганилди. Аҳоли билан суҳбат давомида уларнинг муаммолари ва мурожаатлари тингланиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ўрганишлар давомида мазкур маҳаллада яшовчи 2 нафар фарзанднинг онаси учинчи фарзандга ҳомиладор, 32 ёшли аёл турмуш ўртоғининг тазйиқларидан азият чекиб келаётгани боис унга ҳимоя ордери берилди ва реабилитация марказига жойлаштирилди.
Хотин қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан вилоятнинг барча ҳудудларида аёлларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг доимий бандлигини таъминлаш, уларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш борасидаги амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати