18 Сентябр 2021 йил 709

Муҳокамадан сўнг мурожаатлар тингланди.

Жорий йил 15 сентябрь куни соат 23:20 ларда Янгиқўрғон туманида яшаган, 1999 йилда туғилган А.Х. шу туманда яшовчи 2001 йилда туғилган қиз Г.О. билан аввалдан ўзаро ишқий муносабатда бўлганлиги сабабли унинг яшаш уйига учрашувга келиб, яшаш хонаси ички қисмида гаплашиб ўтирган вақтида, Г.О.нинг бирга яшовчи укаси, 2003 йилда туғилган Э.О. келиб қолиб, ғазабланиб, А.Х.ни қасддан ўлдириш мақсадида, уни ортидан 150 метр масофага қувлаб бориб, маҳалла ҳудудида жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчаси олдида унга етиб олиб, бир мушт уриб, қўлида бўлган пичоқ билан ўнг қулоқ орқа томонига бир маротаба урган.
Натижада, А.Х. олган оғир тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан 2021 йил 16 сентябрь куни Ўз.Р ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Э.О. Ўз.Р ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник А.И.Атаходжаев воқеа содир бўлган ҳудудга бориб, масъуллар ва аҳоли билан ҳодисанинг муҳокамасини ўтказди. Унда бошқарма бошлиғи аянчли воқеага сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида маълумот бериб, йиғилганлардан атрофдаги воқеа ҳодисаларга бефарқ қарамаслик, қўни-қўшни, маҳалла-кўй билан ёш-авлодни намунали тарбиялашда дахлдорлик ҳисси билан яшаш кераклигини таъкидлади.

Йигит ва қизнинг ишқий муносабати бир ёш йигитни панжара ортига жойлаган бўлса, иккинчининг умрини хазон қилгани куюниб гапирилди.

Бундан ташқари сектор раҳбари муҳокамага йиғилган фуқароларнинг мавжуд муаммо ва шикоятларинин тинглаб, уларга ечим топиш учун масъулларга тегишли тартибда топшириқлар берди. Мурожаатлар ичида ишга жойлашиш ва имтмёзли кредит олишда кўмак сўраганлар кўпчиликни ташкил этди. Сектор раҳбари ушбу фуқароларнинг аризаларини жойида қаноатлантириб, уларга ёрдам бериш учун мутасаддиларни бириктирди. Айрим мурожаатларнинг ижроси эса алоҳида назоратга олинди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech