9 Сентябр 2021 йил 655

Муҳокама якунида мурожаатлар тингланди.

Жорий йилнинг 7 сентябрь куни соат 13:00 ларда, Учқўрғон туманида яшовчи, 2010 йилда Ўз.Р ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми билан судланган, 1957 йилда туғилган А.Д. яшаш уйида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда бир хонадонда яшовчи келини, 1990 йилда туғилган Н.В. билан оилавий келишмовчиликлар сабабли ўзаро жанжаллашиб, уйида бўлган ош пичоғи ёрдамида юрак соҳасига ва чап томон қорин соҳасига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдирган.

Ушбу ҳолат бўйича Учқўрғон туман прокуратураси томонидан 2021 йил 7 сентябрь куни Ўз.Р ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро А.Д. Ўз.Р ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник А.И.Атаходжаев, вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари С.Қ.Эшқувватов ҳамда туман масъуллари ва аҳоли иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда ушбу оиланинг доимий нотинчлиги ва қотиллик содир этган фуқаронинг спиртли ичимликка муккасидан кетиши, бу ҳолатга эса маҳалла масъуллари, қўни-қўшнининг лоқайд қарагани мана шун аянчли ваиятни юзага келишига сабаб бўлгани қаттиқ танқид қилинди.

Муҳокама давомида шу каби ҳолатларни қайта содир этилишини олдини олиш мақсадида ҳар бир оиланинг яшаш ва турмуш тарзи чуқур ўрганилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш нафақат оилалар турмуш шароитини яхшилайди, балки бекорчилик сабаб келиб чиқиши мумкин бўлган турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг ҳам олдини олишга хизмат қилади. Полковник Атаходжаев айни шу масалани инобатга олган ҳолда ушбу ҳудудда ҳам фақатгина муҳокама ўтказиш билан чекланиб қолмай, фуқароларнинг мурожаатларини тинглади. Турли масалалардаги мурожаатларнинг кўпига ижобий ечим топилди. Айримларининг ижроси эса муддат талаб этгани боис назоратга олинди. Мурожаатлар орасида имтиёзли кредит, ишга жойлашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари асосий қисмни ташкил этди. Сектор раҳбари фуқароларга ҳеч бир ариза, шикоят ёки мурожаат жавобсиз қолдирилмаслигини, ҳар бири имкон қадар ижобий ҳал этилишини алоҳида таъкидлади.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech