5 Ноябр 2025 йил 64

Мингбулоқ туман ИИБ бошлиғининг туман аҳолисига мурожаати

Азиз юртдошлар, туманимиз меҳмонлари!

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар  амалга  оширилмоқда.

Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.

Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.

Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.

Азиз Мингбулоқ туман аҳли!

“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.

Мингбулоқ туманидаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта таьсир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.

Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.

Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таьминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.

Шу боис, туманнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.

Қадрли юртдошлар!

Ҳар-бир маҳаллада жиноятчиликни  жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.

2025 йил 3-январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Қарори асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, менинг раҳбарлигимда туман прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.

Қарор ижроси доирасида тумандаги криминоген вазияти оғир хамда қизил тоифадаги 5 та махаллаларга масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилган.

Тумандаги барча маҳаллалар ҳамда туманнинг чораклик манзилли чора-тадбирлар “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

Жумладан; “Йўл харитаси” ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойларга 352 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 360 даража айланувчи 9 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 101 та, бозор ва савдо марказларига юзни ва автомобиль рақамини таниб олувчи 17 та, жами бўлиб 479 та камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 109 дан ортиқ домофонлар, уйларнинг кириш йўлакларига 21 дан ортиқ ташвиш тугмалари ўрнатилди, 108 та савдо муассасалари ва қарийб    594 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби жами 500 га яқин стикерлар жойлаштирилди, маҳаллаларда 82 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 180 та “намунавий хавфсиз йўлак” ташкил этилди, ички йўллар ва кўчалар 365 та ёритиш воситалари билан таъминланди.

Мисол учун, йил бошидан бери туманда ўрнатилган камералар ёрдамида қидирувда бўлган 3 нафар, жазодан бўйин товлаб келаётган пробация ҳисобидаги 5 нафар шахслар ҳамда 134 та хуқуқбузарлик холатлари аниқланди.

Шунингдек, бедарак йўқолган 2 нафар шахслар топилиб, 16 та жиноятлар “иссиқ изи”дан фош этилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида “қизил” тоифада қолган 3 та маҳаллаларнинг 2 тасида криминоген вазияти сақланмоқда.

Қарорга асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.

Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, туман маҳаллаларида содир этилган 18 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли прокурор таъсир чоралари қўлланилди.

Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда,  йўл хариталари ҳам ишлаб чиқилди.

Туманда жиноятчиликни олдини олиш, коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича кучайтирилган иш тартибини жорий этдик.

Бу борада вилоят прокурори фармойиши қабул қилиб, барча тезкор ходимлар 38 та маҳаллаларга номма-ном бириктирилди.

Ҳар бир соҳага доир тарғибот ишлари бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, тарқатилди.

Эндиликда, бириктирилган ходимларимиз жиноятларнинг омил ва сабабларини ўрганишдан ташқари ўша ҳудудда амалий тадбирларни ҳам ўтказади.

Биз эндиликда муаммонинг туб негизигача етиб бориб, “маҳалла  прокурори”  деган ёндашув билан ишлаймиз.

Энди эътиборингизни ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича дастлабки бажарилган ишлар ва таҳлилларнинг натижаларига қаратсам.

Биринчи, жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда соҳавий назорат кучайтирилди.

Жумладан;

2025 йил  10 ой давомида Мингбулоқ туманида жами 152 та жиноятлар қайд этилган бўлса ушбу кўрсаткич ўтган 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1.9 фоиз ёки 3 та камайган.

Албатта бу яхши натижа эмас жиноятларни жиловлаш бўйича жиноят ўчоқларини аниқлаб манзилли профилактик ишларни янада кучайтиришимиз лозим бўлади. 

Содир этилган жиноятларни турлари бўйича таҳлил қилинганда олди олиниши лозим бўлган жиноят турларидан:

-қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 100 фоизга (0/2);

-талончилик 100 фоизга (0/1);

-ўғрилик  3,7 фоизга (27/28) ошиб кетишига йўл қўйилган.

Тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар асосан фуқароларимиз ўртасидаги қарз олди-бердиси, эр-хотин ўртасидаги оилавий низолар, рашк ҳамда қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликлар орқали келиб чиқаётганлигини инобатга олиб шунингдек, ўғирлик жиноятларининг келиб чиқишида фуқароларимизнинг ўз мол-мулклари ва хонадонларини очиқ холатда қолдиришлари ҳамда чорва ҳайвонларини дала майдонларида қаровсиз қолдиришлари оқибатида бу каби жиноятларни содир этилишга имкон яратиб берилмоқда.

Ушбу йўналишлардаги жиноятларни олдини олиш учун кенг жамоатчиликнинг яъни Сиз Азизларнинг кўмагингиз бизга зарур бўлади.  

Кейинги вақтларда ҳайдовчиларимиз томонидан йўлларда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик холатлари кўпайиб кетаётганлиги сабабли жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида йўл транспорт ходисалари 24 тани ташкил этиб шундан ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари 7 та холатда қайд этилди.

Бу жуда ачинарли албатта, шундан келиб чиқиб ҳар-бир оилада ота-оналар томонидан фарзандларининг транспорт воситаларини бошқариш вақтида тезликни оширмаслик, пиёдалар ҳамда бошқа транспорт воситаларини ҳурмат қилган холда хайдовчилик маданиятига амал қилиш юзасидан ўгитлар бериш, уйда ота-онаси, оиласи, фарзандлари кутаётганлигини доимий равишда уқдириб бориш  орқали бу каби аянчли ҳолатларни олдини олиш бўйича катта ёрдам беради деб хисоблайман.

Шунингдек, интернет тармоғи катта тезлик ривожланиб бораётган жамиятимизда ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятлар салмоғи жуда ортиб бормоқда.

Нияти совуқ ғараз мақсаддаги айрим кимлар ҳалқимизнинг соддалигидан фойдаланиб  пластик карталардан пул ўғирлаш холатлари кўпайиб бормоқда. Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар, бир неча баробарга кўпайди. Илгари бундай жиноятларга қарши ишлайдиган тизим бўлмаган.

Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил фейк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги   маълумотларни сир сақлашни сўраб қоламиз.

Азиз тумандошлар!

Шу ўринда, криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи оила-турмуш даражасидаги жиноятлар сабаблари ва уларнинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам гапирмоқчиман.

Хусусан, оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузарликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.

Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.

Мазкур муаммоларни қайд этиш ва бартараф этиш этиш бўйича амалга оширилган ишларни киритиб бориш мақсадида “E-Ijtimoiy profilaktika” электрон тизими жорий этилиб ишга туширилди.

Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 10 ой давомида 1983 та ижтимоий муаммолари бўлган кўмакка муҳтож фуқароларимиз аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича маҳалла еттилиги, туман хокимлиги ва мутасадди корхона ва ташкилотлар томонидан 1129 та чоралар кўрилди, қолган масалалар бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.  

Булардан ташқари, 21768 нафар ишлардан 19274 нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланди, 645 нафари касбга ўқитилди, 157 нафари эса касбга йўналтирилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.

Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.

Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.

Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 68 та муаммоси ҳал қилинди.

Ҳурматли фуқаролар!

Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Азиз ҳамюртлар!

Жиноятларга қарши курашда Ички ишлар органлари, доимо Сиз Азизларга кўмак ва ҳамкорликда жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат беради.

Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақирамиз.

Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан кафолат бераман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Мингбулоқ туман ИИБ бошлиғи Б.З.Шукуров

Text to speech