"Мени 700 минг долларга "ухлатишди". Фирибгарларга чора кўрилмаяпти - Учқўрғонлик фермер" изоҳи билан тарқалган видеохабар юзасидан Наманган вилоят ИИБнинг расмий муносабати.
2019 йил 11 июнь куни Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан С.А.нинг, Ш.И. ва бошқаларни хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси юзасидан тўпланган терговга қадар текширув ҳужжатларига асосан Ш.И. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, фуқаро М.И. акаси Ғ.И., Ш.И. ва бошқалар фирибгарлик йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, фуқаро С.А.ни алдаб, унга Россия Федерациясидан наслли қора мол олиб келиб сотиш билан шуғулланишларини, унга ҳам арзон нархда қора молларни олиб келиб беришларини айтиб, ишончига киришиб, 2018 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида 135.000 АҚШ доллари нақд пул шаклида, 538.450 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини Ш.И.ни Россия Федерациясидаги ҳисоб рақамига банк орқали ўтказиш йўли билан қўлга киритишиб, С.А.га етказиб берилиши керак бўлган наслли қора молларни етказмай, пулларини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлар.
Ш.И. ва фуқаро С.А. ўрталарида тузилган шартномани бажармаганидан сўнг, С.А. унинг ҳаракатларидан норози бўлиб, 2019 йил Учқўрғон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
Унинг мурожаати тегишли тартибда Учқўрғон туман ИИБ навбатчилик қисмининг китобига рўйхатга олиниб, терговга қадар текширув ҳаракатлари Учқўрғон тумани ИИБ ЖҚБ томонидан олиб борилган.
Мазкур ҳолат бўйича 2019 йил 11 июнь куни ака-укалар Ш.И., М.И. ва Ғ.И.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши 2019 йил 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан иш юритувига олиниб, тергов ҳаракатлари тергов гуруҳи томонидан олиб борилган.
Жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилиниши лозим бўлган Ғ.И.га нисбатан 2019 йилда 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
2019 йил 13 август куни М.И. ва Ш.И.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан сиртдан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Дастлабки тергов давомида Ғ.И. томонидан аслида С.А.га юборилиши лозим бўлган жами 97 бош қора моллар фуқаро Б.Р.га жўнатилганлиги аниқланган ва ушбу моллар С.А.га қайтарилган.
2019 йилда 22 октябрь куни Ғ.И.га нисбатан бўлган қисми ЖПКнинг 381-моддаси талаблари асосида айблов хулосаси билан тамомланиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси орқали тегишли судловга юборилган ва суд томонидан Ғ.И.га нисбатан тегишли жазо қўлланилган.
Жиноят ишининг қидирувда бўлган М.И., Ш.И. ҳамда фермер хўжалиги раҳбари Б.Р ва банк мансабдор шахсларига нисбатан бўлган қисми Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан алоҳида иш юритувига ажратилган ҳамда тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари олиб бориш учун Наманган вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юборилган.
Жиноят иши бўйича фермер хўжалиги раҳбари Б.Р. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, 2021 йил 30 август куни ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши бўйича ҳозирда Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, С.А.ни ижтимоий тармоқларда келтирган ҳолатлари юзасидан тўлиқ тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари олиб борилиб қонуний баҳо берилади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати