Мардларнинг жасорати асло унутилмайди.
Ватан ва халқ фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этганлар авлодлар ёдидан асло сўнмайди. 9 май хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Наманган вилояти ИИБ биносида ўтказилган байрам дастурида ҳам тизимда мехнат қилиб хизмат вақтида мардларча ҳалок бўлган ходимлар хотираси ёдга олинди.
Марҳумларнинг оила аъзолари, фарзандлари ички ишлар органалари ходимлари ва фахрийлар иштирокида бўлиб ўтган байрам дастурида дастлаб Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси куйланди. Марҳум ходимлар руҳига хурмат бажо келтириш мақсадида бир дақиқалик сукутдан сўнг бошқарма бошлиғи сўзга чиқиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши жангларда қатнашиб жасорат кўрсатганлар ва уруш орти меҳнат фахрийлари, шунингдек, халқ тинчлигини ўз хаётидан устун қўйиб, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг жасоратлари ҳақида гапириб уларнинг яқинларига ташрифлари учун миннатдорчилик билдирди.
Бошқарма ходимлари ва ИИВ Наманган академик лицейи ўқувчиларининг тантанали юришлари байрамга йиғилганларнинг барчасида фахр ва ғурур туйғусини янада жонлантирди десак муболаға бўлмайди.
Тадбир давомида Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.И.Атаходжаев марҳумларнинг оила аъзолари билан самимий суҳбат қуриб уларга бошқарманинг эсдалик совғаларини топширди. Шундан сўнг мотамсаро она хайкали пойига ва ҳалок бўлган ходимларнинг номлари битилган хотира майдонига гуллар қўйилди.
Тадбир якунида ёш йигит қизлар томонидан ижро этилган куй қўшиқ ва гўзал рақслар барчага юқори кайфият бағишлаган бўлса спортчи болалар ва бошқарма тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари томонидан тайёрланган жанговар чиқиш йиғилганларнинг диққатини тортмай қолмади.
Тантанали байрам нихоясига етгач бошқарма бошлиғи, унинг ўринбосарлари шаҳар ва туман ИИБ бўлим бошлиқлари томонидан узоқ йиллар соҳада меҳнат қилиб истефога чиққан нуронийлар, уруш фахрийлари ва фронт ортида меҳнат қилганларнинг хонадонларига борилиб улар ҳолидан хабар олинди.
Тинчлик буюк неъмат тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Мана шундай фаровон кунларимиз учун жон фидо этганларнинг жасоратларини эса асло унутиб бўлмайди.
Зеро шоир атаганидек,
Хотира бор экан,
Тирикдир миллат,
Тирикдир ифтихор,
Тирикдир ғурур.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати