Мақсад фуқароларга қулайлик яратиш.
Аҳолини ортиқча оворагарчиликлардан халос этиш, уларга қулайлик яратиш мақсадида Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимлари сони яна иккитага кўпайтирилди.
Авваллари вилоят аҳолиси ҳайдовчилик гувоҳномасини ёки автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни олиш учун Наманган шаҳар, Уйчи ва Поп туманларида жойлашган РЎ ва ИО бўлимларига мурожаат қилишар эди. Бу албатта узоқ масофада яшовчи фуқароларга бирмунча қийинчилик туғдирган. Бугун Янгиқўрғон ҳамда Тўрақўрғон туманларида ташкил этилган бўлимлар нафақат ушбу ҳудудлар аҳолиси балки, қўшни туманларда яшовчи аҳоли учун ҳам қулай имкониятлар яратди десак муболаға бўлмайди.
Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари ҳамда ЙҲХБ бошлиғи томонидан ушбу бўлимларнинг фаолияти ўрганилиб, бу ерда хизмат олиб борувчи ходимларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Таъкидлаш жоизки, янги қад ростлаган биноларда фуқароларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар мавжуд. Кутиш залларида йўл ҳаракати қоидалари ва ушбу йўналишдаги сўнгги воқеалардан хабардор қилиб борувчи медиа бурчаги ҳам ташкил этилган бўлиб, бу ерда фуқаролар газета ва журнал ўқишлари ёки соҳага доир янгиликларни томоша қилишлари мумкин.
Қисқа қилиб айтганда, ушбу ҳаракатларнинг барчаси тизимда инсон қадри тамойили асосида иш ташкил этилаётганидан далолатдир.
Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати