Маҳкумлар иштирокида маънавият тадбири.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2021 йилни “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” -деб номланиши муносабати билан 6-сонли жазони ижро этиш колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда уларнинг ота-оналари билан тарбиявий-профилактик аҳамиятга эга тадбир ташкил этилди.
Унда Давлат дастурига асосан колонияда ишлаб чиқилган режа ва мазкур режа талабларига мувофиқ жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан “Ёшлар келажагимиз меваси” шиори остида турли давра суҳбатлари ҳамда тадбирлар ўтказиб келинаётгани ҳақида йиғилганларга батафсил маълумотлар берилиб, унинг замирида маҳкумларда жамиятимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, уларда мустаҳкам фуқаролик позициясини қарор топдириш мақсадида ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган давлат сиёсати, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида янада теран тасаввур ҳосил килиш, озод ва обод, эркин ва фаровон мамлакатимиз тараққиёти учун хизмат қиладиган шахс сифатида қайта тарбиялаш ишларини тизимли ташкил этиш режалаштирилгани алоҳида таъкидланди. Маҳкумларнинг яқин қариндошлари, ота-оналари ўз дилбандлари билан узоқ суҳбат қуришди, бундан ташқари колонияда яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, ходимларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Тадбирда сўз олган ёш маҳкумлар қилган ишларидан чин кўнгилдан пушаймон эканликларини, жазо муддатини ўтаб чиққач она юртга муносиб хизмат қилишга ваъда беришди.
Тадбир давомида истеъдодли маҳкумлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва шеърлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати