16 Март 2021 йил 706

“Mahalla” газетасининг 10-сонида эълон қилинган “Маҳалла раисига суиқасд қилинди” сарлавҳали мақолага муносабат

Мақола Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида қўйидагилар аниқланди.

Маълум бўлишича, шу йил 10 март куни соат 10:30ларда “Янгиер” маҳалласи, “Ўзбекистон” кўчаси, 3-уйда яшовчи, 1984 йилда туғилган, муқаддам судланмаган Ботиржон Раҳмонов маҳалла фуқаролар йиғини идорасига бориб, маҳалла раиси Феруза Рустамовадан кредит маблағлари ажратилишида ёрдам сўраган.

Ф.Рустамова унга ҳозирда кредит берилиши имкони йўқлигини айтган. Бундан ғазабланган йигит яшаш хонадонига бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилади. Сўнг маст ҳолатда соат 12:30ларда МФЙ идорасига қайтиб келиб, маҳалла раиси билан жанжаллашиб қолади. Ошхона пичоғи билан унга енгил тан жароҳати етказади.

Ушбу хабар Чуст тумани ички ишлар бўлими томонидан рўйхатга олингач, соат 13.35да (оралиқ масофа 20 км) туман ички ишлар бўлимининг тергов-тезкор гуруҳи етиб борган ва ҳужжатлар расмийлаштирган.

Маҳалла раиси Ф.Рустамова ҳудуд профилактика инспекторига телефон қилган вақтида, катта лейтенант Аброр Тожибоев туман тиббиёт бирлашмасида 3 нафар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказаётган  бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича 2021 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан 142371/2021-34-сонли жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу ҳолат бўйича Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан профилактика инспекторининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

 

Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech