12 Май 2025 йил 281

Косонсой тумани ИИБ бошлиғининг туман аҳолисига мурожаати

Ҳурматли туманимиз фуқаролари ва меҳмонлари!

 

Президентимизнинг жорий йилнинг 3-январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида ҳавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли қарори маҳаллаларда ҳавфсиз муҳитни яратиш бўйича мутлақо янгича ишлаш тизими бўлди. Маҳаллаларда мавжуд муоммоларни жойида манзилли ҳал этиш учун “Ижтимоий профилактика” тизими йўлга қўйилди.

Профилактика инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 1 581 нафар шахсларга хулосалар бериб, мавжуд муоммолари маҳалла еттилиги томонидан ижобий ҳал этилиб келинмоқда. Маҳалла фаоллари томонидан 134 нафар шахсларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.

Бугунги кунда ижтимоий профилактик тадбирлар амалга оширилиши ўзининг ижобий натижасини бериб, жиноят содир этилишини барвақт олдини олишига самарали хизмат қилмоқда.

Туманимизда жорий йилнинг 3 ойи давомида маҳалла ҳудудида 27 та жиноят содир этилиб, 2 та (Тагижар ва Олмазор) маҳаллаларини қизил тоифага киришига йўл қўйилган бўлса, 59 та маҳаллаларнинг 49 тасида жиноятлар содир этишига йўл қўйилмади.

 

Ҳурматли юртдошлар!

 

Жиноятларнинг энг кўп содир этилаётган турлари уларнинг келиб чиқиш сабаб ва ҳуқуқлари омилларига тўхталиб ўтсам.

Жорий йилнинг 3 ойи  давомида туман ҳудудида 9 та ўғирлик жиноятлари қайд этилган, ушбу ўғирликларнинг 3 таси ҳайвон ўғирлиги, 4 таси хонадон ўғирлигини ташкил этади. Ушбу жиноятлар таҳлил қилинганда ҳайвон ўғирлиги келиб чиқиш сабаби фуқаролар томонидан ҳайвонларини далаларга қаровсиз ташлаб кетиш оқибатида содир этилган бўлса, хонадон ўғирлиги яшаш хонодонимизда мавжуд бўлган мол-мулкларимизни қаровсиз қолдириш, эшикларни очиқ ҳолатда ташлаб кетиш ва ҳовли деворлар билан ўралмаганлиги, ўралган деворларнинг айрималари эса паст ҳолатда бўлганлиги сабабли содир этиб келинмоқда. Жиноятнинг келиб чиқишига ўзимиз ҳам бефарқ эканлигимиз, шахсий мулкларимизга эҳтиёт бўлмаслигимиз оқибатида жиноятчиларга шароит яратиб берилаётганлиги кўрилмоқда.

Бугунги кунда энг кўп содир этилаётган жиноятлардан бири бу фирибгарлик жинояти бўлиб, туман ҳудудида шу даврда 1 та жиноят қайд этилди. Содир этилаётган фирибгарлик жиноятларида фуқаролар осон ва тез даромад топишга интилиши уй-жой автомашина ва бошқа мулкларнинг олди-сотдисидан ҳуқуқий ҳужжатларсиз муносабатларга кириши оқибатида содир этилмоқда.

Кўча ва жамоат жойларда жиноятларни олдини олиш бўйича тегишли наряд ва хизматлар ташкил этиб келинаётганига қарамай жорий йилнинг 3 ойи  давомида 1 та безорилик ҳамда  2 та тан жароҳати билан боғлиқ бўлган жиноятлар содир этилди. Ушбу жиноятларни келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда фуқаролар бир-бирлари билан ўзаро келишмовчилик, пул олди берди масалалари, фуқаролар ўз ҳаракатларини ҳуқуқий оқибатини тушуниб етмаслиқ натижасида содир этилганлиги аниқланган. Эътибор қаратадиган бўлсак, жамоат жойларда фуқаролар совуқ қуролларни олиб юриш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Ўтказилган тиғ тадбирлари жараёнида 20 та фуқаролар тиғли жисмларни ёнларида олиб юрганлиглари аниқланиб, 6 нафарига тегишли тартибда чоралар кўрилиб, 14 нафар фуқаролар расмий огоҳлантирилган.

Муҳим бир йўналишлардин бири гиёҳвандлик ва психотроп моддаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашишдир. Туманимизда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда гиёҳвандлик иллатига қарши курашиш ва уни ёшлар орасида кенг тарқалишини олдини олиш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширмоқдамиз. Олиб борилган тадбирлар натижасида 7 та жиноий ҳолатлар аниқланиб 7 килограмдан ортиқ гиёҳвандлик моддалар ва психотроп дорилар ноқонуний муомиласига чек қўйилди. Мазкур ҳолатлар бўйича 9 нафар шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди. Албатта бир нарсани унутмаслигимиз керак, бу иллатга қарши барчамиз курашишимиз шарт ва лозим деб ҳисоблайман.

Бугунги ривожланган даврда ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятлар кескин ортиб бормоқда. Жиноятларнинг ўзига хос томони шундаки, жиноятни содир этаётган шахс учун чегара ва масофа тўсқинлик қилмайди. Жиноятчи қисқа фурсатда 10 лаб ҳаттоки 100 лаб фуқароларни жабрланувчига айлантиради.

Жорий йилнинг 3 ойи давомида бу йўналишда содир этилган 30 та жиноятлар, умумий содир этилган жиноятларни 40% ни ташкил этмоқда. Мазкур жиноятларнинг 96,7% пластик карталардан маблағларни 24 та ўғирлик ҳолатида ва 5 та фирибгарлик ҳолати билан талон-тарож қилинган. 71% пластик карта малумотларни берганлиги учун, 22% ижтимоий тармоқда маблағларни кўпайтириб беришда алданиш, 7% эса онлайн савдо билан шуғулланиш орқали содир этилган. Ачинарлиси аксарият ҳолларда фуқароларнинг ўзлари жиноятчиларга осонгина алданиб қолиб, пластик карта кодларини оддий ҳолда айтиб қўйиши орқали маблағларни топширишмоқда.

Шу ўринда айрим фуқароларимиз ижтимоий тармоқ орқали тез ва қисқа фурсатда бойиш илинжида бўлаётганлиги ташвишли ҳолдир. Бунинг оқибатида ўзлари жиноят қурбонига айланмоқдалар. Жиноятчилар томонидан фуқароларнинг 515.000.000 сўмдан ортиқ маблағлари ўзлаштириб олинган. Кибержиноятларни фош этишга қаратилган тадбирлар жараёнида 16 дан ортиқ жиноятлар фош этилиб, 220.000.000 сўмдан ортиқ миқдоридаги пуллари қайтарилди.

Йўлларда ҳаракат ҳавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Туман ҳудудидан ўтган йўллар узунлиги 134 километрни ташкил этиб бундан маҳаллий аҳамиятга эга бўлган ва 165 километр ички хўжалик йўлларини ташкил этади. Йўлларда 4 та тезликни ўлчайдиган радар, 5 та қоида бузарликларни аниқлайдиган фото ва видео қайт этиш камералари ўрнатилган. Мазкур йўлларда йўл ҳаракати ҳавфсизлигини таъминлаш учун 6 нафар йўл патрул инспекторлари хизматлари жалб этилиб келинмоқда. Жорий йилнинг 3 ой давомида 7 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиб, уларнинг барчаси тан жароҳати билан якунланган. Ўлим билан тугаган йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмаган. Йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида мутасадди ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йўл инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбирлари кўрилди. Мунтазам равишда профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Лекин бугунги кунда ҳайдовчилик ва ҳуқуқий маданиятни етарли деб бўлмайди. Айрим ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан, менсимасдан транспорт воситаларини бошқариш, айрим ҳолларда эса ота-оналарнинг ўзлари вояга етмаган фарзандларига транспорт воситаларини бошқаришга имкон бераётганликлари оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқармоқда. Энг ачинарлиси айрим фуқаролар моддий манфаат эвазига вояга етмаган мактаб ўқувчиларига транспорт воситаларини бошқариш, ижарага бериш оқибатида мудҳиш ҳодисалар ҳам келиб чиқмоқда. Туманимизда ҳам бу каби 2 та ҳолатда 2 та транспорт воситасини бошқариш орқали вояга етмаганлар томонидан қоидабузарликлар аниқланиб, тегишли тартибда уларнинг ота-оналарига чоралар кўрилган. Юқоридаги нохуш ҳолатларни олдини олиш борасида йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлими тизими томонидан профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 3 ой давомида 5 968 та қоидабузарликлар аниқланган бўлиб, уларнинг 2 468 таси қўпол қоидабузарликларни ташкил этади.

Азиз туманимиз фуқаролари, йўл-транспорт ҳодисалари бўйича бир қанча жиддий масалаларни айтиб ўтдим, албатта барчамиз ҳайдовчилик ҳурматини сақлаган ҳолда қоидаларга итоат қилиб ҳаракатлансак хеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар содир этилмаслигига ўзимизни ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Бугунги кунда тумандаги мактаблар, касб-хунар, теникумлар, коллежлар ва лицейларда 40 993 дан ортиқ ўқувчилар таълим олмоқда. Вояга етмаганларни баркамол инсон бўлиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устивор йўналишларидан бири ҳисобланади. Таълим муассасалари билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди. Лекин олиб борилаётган ишлар самарадорлиги етарли даражада бўлмаганлиги боис вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйиб келинмоқда. 3 ой давомида 3 нафар вояга етмаганлар томонидан жиноятлар содир этилишига йўл қўйилди. Аксарият ўқувчилар ўзлари билан бирга тиғли жисмларни олиб юришни одат қилиб олганлар. Ўтказилган тадбирлар давомида ўқувчиларда 16 дона ўткир тиғли буюмлар олинган. Ўқувчиларни назорат қилинмаслиги оқибатида дарс машғулотларига қатнашмаслик ҳолатларига йўл қўйиб келинаётганлиги давомат тадбирларида маълум бўлмоқда. Таълим муассасаларида ўқувчилар билан мактаб, маҳалла-оила тамойили асосида ишлаш тизими жорий этилди. Ўқувчилар ўртасида қонун бузулишига қарши иммунитетни шакллантириш, психологик ишларни механизмларини йўлга қўйиш, уларда ватанга садоқат ҳисларини шакллантириш, мактабларда доимий равишда давомотни текшириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш каби вазифалар амалга ошириб келинмоқда.

Азиз туманимиз аҳли, вояга етмаган фарзандларимизнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, билим олишлари учун муносиб шароит яратиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларини биргаликда амалга ошириб, манзилли ишларни ташкил этсак олдимизга қўйилган мақсадларга эришамиз.

Туманимизда ёшлар жиноятчилигини олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда барча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, тегишли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Сўнги йилларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш, тазйиқ ва зўрвонликларни олдини олиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширилмоқда. Албатта хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасида асосий масъулиятни ички ишлар органлари ўз зиммасига олган. Бугунги кунда айрим оилаларда ҳали ҳам маънавий муҳитни носоғломлиги тазйиқ ва зўравонлик натижасида жиноятлар содир этилишига олиб келмоқда. Шуни инобатга олиб ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда низоли оилаларни яна бир бор ўрганиб чиқиб, уларнинг муоммоларини манзилли ҳал этиш чораларини кўриш лозим бўлади. Бунда албатта маҳалла масъуллари билан биргаликда маҳаллалардаги нуроний отахон ва онахонлар, оила қадрияти тушунчаси барча ёшларга сингдириш борасида муҳим рол ўйнашлари керак.

Ҳозирги замонда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳаёт учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш муоммоси глобал миқиёсда долзарб масала бўлиб уларни тежаш лозим. Туманда энергия ресурсларини талон-тарожини олдини олиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қўшимча рейдлар ва тушунтириш профилактик тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

Ички ишлар органларини рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. 2024-йил 12 ойи кунига кўра, қизил тоифадаги бўлган А.Жомий, Дўстлик, Ёшлик, Чак ва Қорасув маҳаллаларга 87 та чегара ҳудудларига 43 та, туманнинг бошқа жойларига 137 та кузатув камералари ўрнатилиб рақамлаштирилди. Албатта бундан кўзланган мақсад туман аҳолисининг ҳавфсизлигини таъминлаш барча ҳудудларни қамраб олган кузатувни йўлга қўйиш шу орқали жиноятнинг барвақт олдини олиш, жиноятларни иссиқ изидан фош этишдир. Маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш мақсадида туманимизда бугунги кунда профилактика инспекторлари маҳаллаларни ўзларида қўриқлаш хизмати ходимлари билан биргаликда фуқароларимизнинг тинчлик ва осойишталигини таъминлаб келмоқда. Ҳурматли туманимиз фуқаролари ва азиз меҳмонлари,  барчамиз жиноят содир этилгандан кейин эмас, уни аввалдан барвақт олдини олишга алоҳида эътибор қаратайлик.

Бугунги кунда туманимизни барча  маҳаллаларида профилактика инспекторлари бевосита маҳалла еттилиги билан биргаликда кун-у тун хизмат олиб бормоқдалар. Туман ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, жиноятларни барвақт олдини олиш масаласини фақатгина давлат идораларини вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг вазифаси деб қараш лозим.

 

Косонсой тумани ИИБ бошлиғи Р.Каримов

Text to speech