Кичик сержант – Жаҳон чемпиони.
Спорт. У - жисмонан ва маънан соғломлик, чиниқиш, мардлик, ҳалоллик асоси. Спорт билан шуғулланаётган йигит-кизларга ҳар қанча ҳавас килсангиз арзийди. Чунки уларнинг юз-кўзидан шижоат ёғилиб туради. Катъий максадларини билгач, бу ҳавас чўғи янада ортиши табиий.
Қувонарлиси шундаки, Республикамизда хотин-қизларнинг соғлиғи ҳақида қайғуриш, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, иқтидори ва лаёқатини юзага чиқаришга оид эзгу чора-тадбирлар йил сайин кенг қамров касб этмоқда.
Бугунги кунда спортчи хотин-қизларимизнинг жамият ҳаётида тутган ўрни беқиёс. Жаҳон ареналарида юртимиз байроғи баланд кўтарилишида, давлатимиз мадҳияси баралла янграшида уларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Жумладан, яқинда Беларус Республикаси пойтахти Минск шаҳрида қўл жанги спорт тури бўйича Жаҳон Кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, наманганлик спортчи, Наманган вилояти ИИБ ТВБСО ходимаси, кичик сержант Нозима Умарова ўз вазни тоифасида барча рақибларини енгиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Маҳоратли спортчи қиз чемпионлик унвони ва олтин медалга эга бўлди.
- Мен 10 йилдан бери мазкур спорт тури билан шуғулланиб келаман. Илк спорт соҳасига кадам куйганимдан бошлаб, жахон чемпиони бўлишни орзу килганман. Тинимсиз меҳнатим натижасида орзуим амалга ошди. Биз спортчи аёл-кизларга яратилаётган имкониятлар чексиз. Бу имкониятлардан окилона ва тўғри фойдаланиш бу бизнинг, спортчиларнинг бурчимиздир, - дейди чемпионимиз Нозима Умарова. Ха, ҳакикатдан ҳам тинимсиз меҳнат ўз мевасини беражак.
Қаҳрамонимиз Нозима бугун нафақат спортсеварлар эътиборида, балки ўзи хизмат қилиб келаётган Наманган вилояти ИИБ жамоаси ҳам унинг юуқларидан ҳудди у каби қувончда.
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан вилоят ИИБ маърифат залида ташкил этилган байрам тадбирида бошқарма раҳбарияти томонидан Нозима ва унинг ота-онасига миннатдорчилик билдирилиб, уларга ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Фарзандининг ортидан раҳматлар эшитиш ҳар бир ота-онада фахр ва ғурур туйғусини янада жонлантиришини Нозиманинг ота-онаси юзларидаги мамнуниятдан англаб олиш қийин эмас. Умид қиламизки, бу ютуқлар чемпион қизимизнинг келгуси муваффақиятларида дебоча бўлиб хизмат қилади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати.