9 Июл 2021 йил 452

Жорий йилнинг 5 июль куни ижтимоий тармоқларда Наманганлик фуқаронинг терговчилардан норози фикрлари акс этган ёзма мурожаати жойлаштирилди. Мазкур ҳолат бўйича Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабати.

2021 йил 29 июнь куни соат 12:00дан 15:00гача бўлган вақт оралиғида фуқаро Наманган шаҳар Фурқат МФЙ, И.Каримов кўчасида жойлашган Наманаган вилояти Мактабгача таълим Бошқармаси биноси олдида йўл четида қаровсиз қолдирилган "Нексия-2" русумли автомашинани ноъмалум шахслар олиб қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида автомашина Наманган шаҳар Ғирвон МФЙ ҳудудида жойлашган "Ғирвон савдо комплекси" олдидаги автомашиналар тураргоҳидан автомагнитофони ва аккумлятори ўғирланган ҳолатда топилган. Ушбу жиноятни Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро содир этгани аниқланиб қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам ушбу автомашина топилгандан сўнг у билан боғлиқ экспертизалар ўтказиш зарурати мавжудлиги сабабли сақлаб туриш учун жарима майдонига қўйилган. Ҳозирда жарима майдончасида турганлиги, баҳолаш экспертизаси билан боғлиқ ҳаражатлар тегишли тартибда жабрланувчининг фойдасига ундириб берилиши таъминланади.

Aвтомашина билан боғлиқ тергов ҳаракатлари якунлангач, экспертизалар ўтказилгандан сўнг қонуний эгасига тилхат асосида қайтариб берилган. Мазкур ҳолат бўйича Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан хизмат текшируви тайинланиб, ижроси назорат остига олинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан, ёлғон маълумотларни атайлаб оммага, шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқатган шахслар қонун доирасида жавоб беради. Қолаверса, бу умуминсоний одоб меъёрларига ҳам зиддир.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech