11 Август 2021 йил 746

Жиноятнинг муҳокамаси сўнгида 3-сектор раҳбари томонидан аҳолининг мурожаатлари тингланди.

Жорий йилнинг 5 август куни Чуст туманида 150 000 сўм пул сабаб икки оғайни ўртасида юзага келган тортишув, пичобозликка айланиб кетди. Унинг оқибатида эса жанжал иштирокчиларидан бири пичоқдан оғир жароҳат олиб вафот этди. Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник А.И.Атаходжаев туман масъуллари ва аҳолиси билан муҳокама йиғилиши ўтказди. Унда сектор раҳбари 20 ва 23 ёшли йигитларнинг кун бўйи нима билан бандлиги, келажаги, тақдири билан на ота-она, на маҳалла масъуллари жиддий шуғулланмагани бугунги ҳолатнинг юзага келишига бош омиллардан бири эканлигини таъкидлади.

Ёшлар орасида китобга эмас, интернетдаги турли тармоқларга бўлган қизиқишнинг кучлилиги уларни ҳаётга енгил қарашга ўргатиб қўяётгани, арзимас жанжал бугун бир навқирон йигитни ҳаётдан, иккинчисини эса озодликдан айиргани ҳақида куюниб гапирилди.

Муҳокама сўнгида полковник А.И.Атаходжаев туман аҳолисининг мурожаатларини ҳам тинглади.

Турли ташвиш ва муаммоли масала билан келган фуқароларнинг барчаси билан мулоқот қилиб, уларга ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий кўмак бериш учун масъулларни бириктирди.

Мурожаатлар орасида имтиёзли кредит, ишга жойлашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари асосий қисмни ташкил этди. Сектор раҳбари фуқароларга ҳеч бир ариза, шикоят ёки мурожаат жавобсиз қолдирилмаслигини, ҳар бири имкон қадар ижобий ҳал этилишини алоҳида таъкидлади.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech