8 Сентябр 2021 йил 630

Жиноят юзасидан ўтказилган муҳокамада фуқароларнинг мурожаатлари ҳам тингланди. 

Жорий йил 6 сентябрь куни соат 08:30 ларда, Тўрақўрғон туманида яшаган, 1992 йилда туғилган Б.А. шу туманда яшовчи, 1994 йилда туғилган Ж.А. билан ўзаро тортишиб кетишган ва Б.А. Ж.А.ни уриб, унга тан жароҳати етказган.

Воқеа жойига Ж.А.нинг 31 ёшли акаси келиб, Б.А.нинг кўкрак ва елка соҳасига ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан икки маротаба уриб, қасддан ўлдирган.

РСТЭИАМ Тўрақўрғон филиалининг дастлабки маълумотномасида, Б.А.нинг ўлими ташқи ва ички қон кетиши, ўткир қон-томир ҳамда нафас етишмовчилиги сабабли келиб чиққанлиги кўрсатилган.

Ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан 2021 йил 6 сентябрь куни Ўз.Р ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қотилликни содир этган шахс Ўз.Р ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 3 сектор раҳбари полковник А. И. Атаходжаев туман аҳолиси ва масъуллар иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказди. Унда юзага келган ҳолат таҳлил қилиниб, ҳодисанинг келиб чиқишига арзимас келишмовчилик ва тушунмовчилик сабаб бўлгани ачинарли ҳолатлиги таъкидланди.

Сўнгги пайтларда бу каби жиноятлар обдон ўрганилганда барчаси муқим иш ўрнига эга бўлмаган, нотинч оилада яшаётган фуқаролар томонидан содир этилаётгани куюниб гапирилди ва бу борада масъуллар огоҳликка чақирилди.

Муҳокама сўнгида туман аҳолисини қийнаб келаётган кўплаб мурожаат ва муаммоли масалалар ҳам 3 сектор раҳбари томонидан жойида ўрганилиб, ижроси назоратга олинди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech