Жиноят иши туман суди томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда “Наманганда янги мафия пайдо бўлдими? Судя, прокурор, ИИБ, ҳаммасини решат қиларкан” изоҳи билан тарқалган видеохабар юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабати.
Учқўрғон туманида яшовчи А. Ж. 2020 йил 26 июнь куни Учқўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси олдида турмуш ўртоғи Д. Ж.ни таниши С. Т. билан бирга турганлигини кўриб, рашк қилган ва уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, С. Т.га тан жарохати етказган.
РСТЭИАМ Наманган вилояти филиали Учқўрғон туманлараро экспертининг 04.07.2020 йилдаги хулосасида С. Т.да чап кўкрак қафаси, чап оёқ кафт усти соҳаси шилинмаси кўринишида бўлиб, жароҳат қарорда кўрсатилган вақт ва воқеликка тўғри келиши мумкинлиги, оғирлик даражасига кўра соғлиғини бузилишига сабабчи бўлмаган енгил тан жароҳати эканлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Уйчи туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, жорий йил 27 март куни А.Ж.га нисбатан ЖКнинг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
03.05.2021 йилда Д.Ж.га нисбатан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Мутахассисларнинг хулосасида Д.Ж.да бурун суяги ўрта 1/3 қисмининг ёпиқ эски синиғи аниқланганлиги, ушбу жароҳати бўйича ўз вақтида тиббий ёрдамга учрамаганлиги сабабли муддатини аниқлашнинг имкони йўқлиги, оғирлик даражасига кўра соғлиғини бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати эканлиги кўрсатилган.
28 июнь куни А.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан айб эълон қилиниб, унга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.
Уйчи туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 29 июнь санасида жиноят иши ЖПКнинг 381-моддаси тартибида айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судлов органига юбориш масаласини ҳал этишлик учун туман прокурорига юборилган ва ҳозирда ушбу иш жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман суди томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, фуқаро А.Ж. томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳақида айтган гаплари асоссиз эканлигини ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳеч қандай босим бўлмаганлигини маълум қиламиз.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати