Янги лавозимга киришаётган ходимлар иштирокида хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя қилишлари бўйича йиғилиш ўтказилди
Мамлакатимизда сўнги йилларда барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилиб, «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Шундай жараёнда Ички ишлар органлари ходимларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, уларнинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик руҳида ишлашини таъминлаш, маҳаллалар, аҳоли турар жойлари ва бутун юртимизда қонун устуворлиги, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда ички ишлар органларини юксак малакали кадрлар билан таъминлашда Ички ишлар вазирлиги Академиясини ўрни беқиёс.
Жорий йилда ҳам 39 нафар курсантлар вазирлик Академиясини тамомлаб, вилоят ички ишлар органларига юборилган.
Ушбу ходимларни лавозимга киришишларидан аввал бошқарма Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ҳамда Шахсий хавфсизлик бошқармаси масъул ходимлари иштирокида хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя қилишлари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда, хизмат вазифаларига ҳалол, виждонан, Ватан ва халқ олдидаги бурчини чин дилдан ҳис этган ҳолда, юксак масъулият билан ёндашиш, жамиятда умум эътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига сўзсиз амал қилишлари таъкидланиб, Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси талаблари етказилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати