Имтиҳон учун 100 АҚШ доллари сўраган аёлга қонуний чора кўрилди
2023 йил 8 май куни Поп туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган аёл ИИВ ШХББ Наманган вилояти бўйича бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, шу йил апрель ойида 2002 йилда туғилган ўғли ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Давлатобод туманида жойлашган вилоят ИИБ ЙҲХБга қарашли имтиҳон топшириш бўлимига келган вақтида, ЙҲХБ автотураргоҳида ўзини “Дилдора” деб таништирган шахс унга имтиҳондан ўтишига ёрдам беришлигини айтиб, 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олганлигини, лекин ўғли имтиҳондан ўта олмаганлигини маълум қилиб, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат бўйича шу куни соат 13:00 ларда, ИИВ ШХББ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида Наманган шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган аёл Давлатобод тумани ҳудудида жойлашган тамаддихонада аризачидан олинган ҳужжатларни қайтариб бераётган вақтида ушланган.
Ушбу ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати