Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Наманган жамоатчилик назорати” гуруҳида фуқаро Қ.Асқаровнинг “Адҳам Джамалдинов ишни тўхтатмаяпди, жиноятни олдини оладиган ташкилот йўқ” рукни остидаги видеомурожаат юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий маълумоти.
Ҳақиқатдан ҳам, 28.08.2021 йилда Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан фуқаро Джамолдинов Адхам ва Махмудов Эргашларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши қўзғатилишига – фуқаро Асқаров Қамбарнинг унга тегишли фермер хўжалиги биноси Адҳам Джамолдинов бузиб ташлаб, фуқаролар ва ҳокимият вакилларини алдаб, ер майдонини уй-жой қуриш учун сотиб юборгани ҳақидаги мурожаатлари ҳамда ушбу мурожаатларни тергов йўллари билан текшириш шартлиги тўғрисидаги ҳолатлар сабаб бўлган.
Фуқаро Асқаров Қамбарнинг мурожаатларида келтирилган важларга кўра, фуқаро Джамолдинов Адхам 2017 йилнинг куз ойларида Қутбиддинов Зухриддинни номида бўлган Наманган шаҳри, “Меҳнатобод” МФЙ, 1а-берк кўча, 11-уйни Қорабаев Хамидуллога 11.000 АҚШ долларига сотган.
Бундан ташқари, Наманган шаҳрида яшовчи Махмудов Эргаш 2018 йил куз ойларида ўзини номида бўлган Наманган шаҳри, “Мехнатобод” МФЙ, 1а-берк, “Баландариқ” қўчасида жойлашган 10-уйни Назаров Музаффарга 300 млн. сўмга сотиб юборган.
Фуқаро Адхам Джамолиддинов ва Эргаш Махмудовлар ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, улар билан тергов ҳаракатлари ўтказилганида, улар Асқаров Қамбар ўзининг ариза ва видео-мурожаатларида ушбу фермани ноқонуний равишда фуқароларга ер участка сифатида сотиб юборганлиги тўғрисида асоссиз важ келтираётганлигини баён қилишган.
Терговда тўпланган ҳужжатлар, хусусан гувоҳларнинг кўрсатувлари, ҳокимликдан олинган қарорлари ва бошқа далилларга кўра, Қамбар Асқаров 19.06.2013 йилда ОАТБ “Қишлоқ қурилишбанк” Наманган филиалидан қора мол олиш учун 250 млн. сўм миқдорида кредит олиб, гаров таъминотига укаси “Мироб” фермер ҳўжалилигига тегишли молхона биносини қўйган.
Кредит тўланмаганлиги ва мақсадсиз бўлгани сабабли, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 09.09.2014 йилги ҳал қилув қарори билан 19.06.2013 йилда банк билан тузилган шартнома бекор қилиниб, гаров объекти (молхона) зарарни қоплаш учун банк балансига ўтказилган.
Шу билан бирга, мазкур кредитдан мақсадсиз фойдаланилганлик ҳолати бўйича Қамбар Асқаров 19.08.2015 йилда Жиноят ишлари бўйича бўйича Чуст туман судининг ҳукми билан айбли деб топилган.
Фуқаро Адхам Джамолиддинов 19.09.2016 йилда молхонани банк билан тузилган олди-сотди шартномаси асосида 233,2 млн. сўмга сотиб олган.
Мазкур молхона фаолият кўрсатиши бўйича маҳаллий аҳоли вакилларидан тушган эътирозлар сабабли, молхона биноси шаҳар ҳокимининг 27.09.2016 йилги қарори билан ҳокимлик захирасига олиниб, 14 нафар фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратиб берилган.
Ушбу 14 нафар фуқаролар орасида Адхам Джамолиддинов ўзи ва синглисига 2 та ер участка, Эргаш Махмудов эса ўзига бир дона ер участкасини қарор билан олган.
Тергов ҳаракатларида, гумон қилинувчилар ўзларига тегишли ер участкалари бошқа фуқароларга у ерга бино-иншоот қуриб, турар жой сифатида сотганликлари аниқланди.
Шу билан бирга, Адҳам Джамолиддинов фуқаро Қутбиддинов Зухриддинни номида бўлган Наманган шаҳри, “Меҳнатобод” МФЙ,
1а-берк кўча, 11-уйни Қорабаев Хамидуллога 11.000 АҚШ долларига сотганлик ҳолати тергов йўллари билан ўрганилмоқда.
Ер участкаси мулкдори ҳисобланган Қутбиддинов Зухриддин ҳозирда Австралия давлатида ёлланма ишчи сифатида ишлаётгани ҳамда уни ишга жалб этиш имкони бўлмагани сабабли, гумондор Адҳам Джамолиддинов ўз кўрсатувларида унинг номидаги участка ҳам амалда ўзига тегишли эканлигини, шу сабабли ер участкасига бино қуриб сотганлигини“ баён қилган.
Ҳозирда, жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати