Ижтимоий тармоқларда “Наманганлик аёлнинг спарк машинасини фирибгарлик билан олиб қўйишди” изоҳи билан тарқалган видео юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий маълумоти.
Тўпланган терговга қадар текширув ҳужжатларига кўра, Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Ф.Л. Давлатобод тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда ўзига тегишли бўлган “Спарк” русумли автомашинасини “Аброр” исмли танишига 5.500 АҚШ долларига сотганлигини, “Аброр” унга 3.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бериб, қолган 2.500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бермаётганлигини баён қилиб, ундан ушбу пулларни ундиришда амалий ёрдам беришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ Давлатобод туман ИИБ суриштирув гуруҳи суриштирувчиси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боришга киришилган.
Терговга қадар текширув давомида, фуқаролар И.Р., А.Э., А.Х., Ж.Г., М.А. ва Ф.Л.лардан тушунтириш хатлари олиниб, ишга алоқадор тилхат ва бошқа далиллар тўпланиб, иш ҳужжатларига қўшилган.
2021 йил 16 августда мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ Давлатобод туман ИИБ суриштирув гуруҳи суриштирувчиси томонидан фуқаролар А.Х. ва Л.Ф.лар ўртасидаги низо фуқаролик тартибида ҳал этилиши лозимлигини инобатга олган ҳолда, А.Х.га нисбатан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Мазкур қарор Давлатобод туман прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, натижасига кўра 2021 йил 5 октябрь куни жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш учун Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қўшимча терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда ва якуни бўйича барча процесс ишрокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Мурожаатда ходимларга нисбатан кўрсатилган ҳолатлар юзасидан бошқарма раҳбарияти томонидан хизмат текшируви тайинланди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати