Ижтимоий тармоқларда “Наманган вилояти Попда аянчли Йўл Транспорт Ходисаси” сарлавҳаси билан тарқалган хабар юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий маълумоти.
Жорий йил 17 февраль куни соат 02:00 ларда, 4Р112 “Фарғона халқа” автомобиль йўлининг 6км чорраҳасида 2000 йилда туғилган, Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро “Исузу” русумли автомашинасини тегишли хужжатлар билан Наманган-Тошкент йўналиши бўйлаб бошқариб бораётиб, чорраҳада светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ҳаракатланиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмасдан чорраҳани кесиб ўтаётган 1990 йилда туғилган Наманган вилоятида яшовчи фуқаро бошқарувида бўлган Дамас русумли автомашинасига бориб урилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир этган. Натижада Дамас автомашинаси йўлнинг чап томонига чиқиб ағдарилиб кетган.
Ҳодиса оқибатида Дамас автомашинасида бўлган икки нафар йўловчи вафот этган. Ҳайдовчи ва бир йўловчи тан жароҳати олган. Исузу ҳайдовчиси ва ундаги йўловчи ҳам шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ масъуллари воқеа содир бўлган ҳудудда енгил ва юк автомашиналари ҳайдовчилари билан кенг муҳокама ўтказишди. унда содир бўлган ҳодисага сабаб бўлган омиллар ҳақида маълумотлар берилиб, ҳайдовчилар огоҳликка чақирилди. Шунингдек, рул бошқаришдан олдин автомашина техник соз, ҳайдовчи эса хушёр холда бўлиши, белгиланган тартиб-қоидаларни хурмат қилиши талаб этилди. Акс ҳолда шу каби аянчли вазият юзага келишига сабабчи бўлиб қолиш мумкинлиги тушунтирилди.
Ҳозирда мазкур холат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати