Ижтимоий тармоқларда "Ҳибсхонадан шифохонага олиб келинган йигит кўп ўтмай вафот этди..." изоҳи билан тарқалган ахборот юзасидан Наманган вилоят ИИБнинг расмий муносабати.
Лавҳада номи тилга олинган фуқаро Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2020 йил 8 октябрь кунги ажримига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 2-қисмнинг “а,б,в” банди билан айбланиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва Наманган вилояти ИИБ 6-сон тергов ҳибсхонасида сақланган.
Ҳибсхонада фуқаро қорин ва киндик соҳаларида вақти-вақти билан оғриқлар қайтарилаётгани ҳақида шикоят қилган. Шундан сўнг шифокорлар томонидан ўтказилган тиббий текширувлар натижасида ушбу фуқарода “Ўткир лейкоз” (оққон касаллиги) ташхиси қўйилган ва Наманган вилояти кўп тармоқли шифохонаси реанимация бўлимига даволаш учун жойлаштирилган. Барча керакли дори-дармонларни шу куннинг ўзида Наманган вилояти ИИБ 6-сон тергов ҳибсхонаси ДПЁК бўлими дорихонаси захирасидан етказиб берилган.
Бироқ муолажаларга қарамай, 29 ноябрь куни соат 08:00да фуқаро “Ўткир лейкоз, анемия оғир даражаси, гемик гипоксия” ташхиси билан вафот этган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ томонидан хизмат текшируви тайинланган.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати