24 Апрел 2021 йил 2457

Ижтимоий тармоқларда “30 га яқин эркак она-болани аёвсиз калтаклади” изоҳи билан тарқалган видеотасвирлар юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабати.

Жорий йилнинг 11 март куни Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаро О.М. Наманган вилояти, Уйчи туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда 10 март куни соат 13:30 ларда, Уйчи туман, “Машад” МФЙда яшовчи “А” исмли фуқаро томонидан дарахт кўчатларини олиб ташлаганлиги сабабли у билан гаплашиб олиш мақсадида, “А”нинг яшаш хонадонига боргани, у ерда “А” ҳамда бошқа шахслар ўзини, онаси ва жиянини уриб тан жароҳати етказганлигини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Фуқаронинг аризаси юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бориш Уйчи туман ИИБ бошлиғи томонидан, Уйчи туман ИИБ ТП профилактика инспекторига юклатилган.

Текширув давомида, О.М.нинг мурожатида кўрсатилган “А” исмли шахс 10 март куни яшаш хонадонида эхсон қилганлиги, шу куни соат 13:30 ларда унинг яшаш хонадонига ўзига нотаниш бўлган бир нафар аёл ва 2 нафар эркак келиб, у томонидан Наманган шаҳар, Чортоқ йўлида барпо этилган кичик автомашина турар жойи ўрнида бўлган кўчатларни олиб ташланганлиги юзасидан жанжал келиб чиққанлиги, жанжал вақтида “А”нинг акаси ва жияни улар билан уришиб кетганлиги, шундан сўнг ушбу хонадонга эҳсонга келган шахслар уларни тинчлантириб, ажратишганлиги аниқланган.

Терговга қадар текширув давомида фуқаролар О.М. унинг онаси ва жиянига нисбатан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

РСТЭИАМ Наманган вилоят филиалининг хулосасида О.М. ва унинг жиянида соғликнинг бузилишига сабабчи бўлмаган енгил тан жароҳати  мавжудлиги, онасида эса тан жароҳатлари аниқланмаганлиги кўрсатилган.

Терговга қадар текширув якуни юзасидан 8 апрель куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди билан жиноят иши қўзғатиш рад этилиб, “А”нинг акаси ҳаракатларида МЖтКнинг 41-моддаси, 52-моддаси 2-қисми, 612-моддасида кўрсатилган, “А”нинг жияни ва фуқаро О.М.нинг  ҳаракатларида МЖтКнинг 41-моддаси, 52-моддаси 2-қисмида, шунингдек О.М.нинг онаси ҳамда жиянида МЖтКнинг 41-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар уларга нисбатан маъмурий чора кўриш учун 13.04.2021 йилда Уйчи туман судига тақдим этилган.

Бироқ, фуқаролар О.М. ҳамда унинг онаси ва жияни уларга нисбатан тузилган маъмурий баённомаларга имзо чекмаганликлари ва судга келмаганликлари учун суд ишни кўрмасдан, қайтариб юборганлиги аниқланган. Айни пайтда фуқароларни судга келтириш чоралари кўрилмоқда.     

 

Наманган вилоят ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech