17 Май 2025 йил 150

ИИВ раҳбарияти бошчилигида ишчи гуруҳ томонидан Наманган вилоятида жиноятчилик ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари ташкил этилди

Жорий йилнинг 15 май куни Президентимиз томонидан ўтказилган кенгайтирилган селектор йиғилишида ҳудудларда айниқса, Наманган вилоятида вояга етмаганларнинг ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмай туриб транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари кўпайганлиги, мазкур ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш мақсадида Ички ишлар органлари, Прокуратура ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг масъулиятини янада ошириш лозимлиги айтилиб, бажарилган ишлар танқид остига олинган эди.

 

Шу муносабат билан 16 май куни вилоят ҳудудида содир этилиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан тунги хизматга жалб этилган ходимларга хизмат олди йўриқномаси ўтказилиб, унда ходимларга тунги вақтда фуқаролар осойишталигини таъминлаш, рўй бериши мумкин бўлган ҳодисаларнинг барвақт олдини олиш, қўпол турдаги қоидабузилишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш лозимлиги уқтирилди. Энг аввало, хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш кераклиги айтилди.

 

Шунингдек, вояга етмаганларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ушбу ҳолатга йўл қўйган ота-оналари ва бошқа шахсларга нисбатан ҳам жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси юклатилди.

 

Шундан сўнг, тунги хизматга киришган ходимлар вилоят бўйлаб ҳудудларга тақсимланиб, хизматга йўналтирилди.


Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech