19 Ноябр 2022 йил 598

ИИВ Академиясида «Ўткир Жўраев замондошлари хотирасида» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Ички ишлар органлари фахрийси, марҳум Ўткир Жўраев ҳаёт бўлганда, етмиш ёшни қарши оларди. Бутун умрини эл-юрт осойишталигига бағишланган бу инсон ибратга арзигулик шарафли йўлни босиб ўтди. Эзгу сўзи ва амаллари билан ўзини мангуга муҳрлади.

Ички ишлар вазирлиги академиясида «Ўткир Жўраев замондошлари хотирасида» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Уч авлод вакиллари иштирок этган тадбирни вазир ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов очиб, Ўткир Жўраевнинг ҳаёти ва серқирра фаолиятига тўхталди.

Самарқанднинг Ургут туманида таваллуд топган Ўткир Жўраев ўрта мактабдан сўнг, Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олди. Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини оддий милиционерликдан бошлаб, кадрлар билан ишлаш хизматида кўп йиллар самарали меҳнат қилди. Айниқса вазирлик Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган даврида соҳа учун муносиб кадрларни танлаш, ходимларнинг касбий савияси ва маънавий дунёқарашини юксалтириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўз касбига садоқати, фидойилиги, ташкилотчи ва жонкуярлиги туфайли обрў-эътибор қозонди.

Ўткир Пармонович табиатан босиқ, етти ўлчаб бир кесадиган, шижоатли инсон эди. Бу фазилатлар унинг умр мазмунини безаб келди. Мустақиллик йилларининг масъулиятли даврларида елкама-елка хизмат қилиб, машаққатларни енгиб ўтдик. Тажрибали раҳбар, фидойи инсон Ўткир Пармоновичнинг сермазмун ҳаёт йўли келгуси авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб қолади, – деди Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов,

Хотира кечасида истеъфодаги генерал-майор Эркин Норгитов, таниқли ижодкорлар Абдусаид Кўчимов, Маматқул Ҳазратқулов, Зулфия Мўминова, истеъфодаги полковниклар Тоир Ҳошимов, Исомиддин Исмоилов, полковник Бернора Содиқова ва бошқалар сўз олиб, ёрқин хотираларни ёдга олишди.

Устозимизнинг эзгу фазилатлари кўп эди. Ўткир акани, аввало, халқимизга чексиз садоқат билан хизмат қилиб, эл-юртда ҳурмат топган инсон сифатида биламан. Бугун осойишталик йўлида ўз ҳаловатидан воз кечган фахрийларимиз иштирокида Ўткир акани хотирладик. Тизимда хизмат қилаётган ёш ходимлар бундай инсонлар билан доимо фахрланиши керак, – деди ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов.

Умрни савобли ишлар, яхшиликлар билан безаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўткир Пармонович мазмунли ҳаёт кечирди. Шу ўринда дўстимнинг ижодий қирраларини ҳам алоҳида эътироф этишни истардим. Унинг шеърий армуғонлари маънавиятимизнинг қимматли хазинасидан жой олди, – деди прокуратура фахрийси Эркин Абзалов.

Чиндан ҳам, Ўткир Жўраев ички ишлар органларидаги фаолиятини шеърият билан баробар олиб борган инсон эди. У истеъдодли шоир сифатида баракали ижод қилди. Ички ишлар органларидан нафақага чиққач, вазирлик Фахрийлар кенгаши фаоли сифатида кўп йиллик бой тажрибаси ва салоҳиятини ёшлар билан баҳам кўрди. Тизимда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, айниқса ёш ходимларда она Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшди. Шогирдларига устозлик қилиб, ҳаётда тўғри йўл кўрсатди.

Маънавий-маърифий тадбирда «Юрт ишқида ёнган юрак» китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Самимий ва дилкаш инсон, одамлар қалбида эзгулик соҳиби сифатида чуқур ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган полковник Ўткир Жўраевнинг ҳаёт йўлига бағишланган мазкур рисола тадбир иштирокчиларига туҳфа бўлди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Text to speech