Ички ишлар вазири ўринбосари томонидан Наманган вилояти ҳудудларида ўрганиш ишлари олиб борилди
Ички ишлар вазирлигининг жорий йил 31 мартдаги фармойишига асосан ҳудудлардаги мактабларга ташкилий ва тарбия-методик жиҳатдан манзилли кўмаклашиш мақсадида ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланган эди.
Мазкур ишчи гуруҳ ҳудудларда белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли ташкил этилишини таъминлаш, вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиқлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалий ёрдам кўрсатишни назарда тутади.
Бугун Ички ишлар вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Янги Наманган туманидаги 60-сонли мактабда бўлиб, таълим муассасасининг маъмурий биноси ва ўқув хоналари кўздан кечирилди ҳамда мукаммал таъмирлаш режаси билан танишилди.
Шунингдек, мазкур тумандаги «Беруний» маҳалласида жойлашган 2-сонли "Ҳуқуқ-тартибот маскани" фаолияти ўрганилиб, масъул раҳбар ва ходимларга “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан аниқ топшириқлар бериб ўтилди.
Шундан сўнг, ИИВ Наманган Академик лицейи ва у ерда ташкил этилган «Жасорат» музейи билан яқиндан танишилиб, ички ишлар органлари тарихини чуқурроқ ўрганиш, экспонат ва коллекцияларни янада бойитиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Шу билан бирга, Давлатобод тумани ИИБ маъмурий биносида жойлашган “Фахрийлар маркази” ҳам кўздан кечирилиб, ички ишлар тизимида узоқ йиллар хизмат қилган фахрийлар билан мулоқот ўтказилди ва уларнинг тажрибаси ҳамда фикрлари асосида мавжуд фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати